Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом;

хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказишни амалга оширадиган мутахассис ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;

олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш ҳамда дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини янгилаб бориш тартиби тўғрисидаги низом;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими учун ўкув адабиётларини яратишга қўйилган талаблар тасдиқланди.

Белгилаб қўйилишича:

олий таълим тизимини ўқув адабиётлари билан таъминлаш мавжуд бўлган зарур ўқув адабиётларини харид қилиш, янгиларини яратиш ва белгиланган тартибда нашр қилиш (фойдаланилаётган адабиётларни қайта нашр қилиш) ҳамда олий таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказларига жойлаштириш йўли билан амалга оширилади;

ўқув адабиётларини харид қилиш ҳамда яратиш ва нашр қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш аниқ ҳисоб-китобларга асосан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ушбу мақсадлар учун назарда тутиладиган Давлат бюджети маблағлари доирасида амалга оширилади;

ўқув адабиётларини харид қилиш, яратиш ва нашр қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.

Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш вазифаси таянч олий таълим муассасалари томонидан тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ўқув режаларига киритилган фанлар бўйича қуйидаги тартибда босқичма-босқич амалга оширилади:

таянч олий таълим муассасасида хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш бўйича ректор бошчилигида комиссия ташкил этилади. Комиссия таркибига ўқув ва илмий ишлар бўйича проректорлар, тегишли факультет деканлари, кафедра мудирлари, ахборот-ресурс маркази раҳбари, олий таълим муассасасининг маҳаллий ва хорижий ҳамкор ташкилотларининг вакиллари ҳамда турдош олий таълим муассасалари мутахассислари киритилади;