Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг жорий йил 22 сентябрда имзоланган қарорига кўра, эндиликда вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари мансабдор шахсларининг ҳокимлик балансида бўлган давлат хизмат автомашиналарини бошқариши тақиқланиши ҳақида хабар берилган эди.
Интернет тармоғида Самарқанд вилояти раҳбарининг ушбу қарори бирмунча мунозараларни келтириб чиқарган, турли тахминлар юзага келишига сабаб бўлган эди.
Хабарда ҳокимликлар хизмат автомашиналарини ҳайдовчи ўрнига мансабдор шахсларнинг бошқариши оқибатида турли хил йўл-транспорт ҳодисалари содир этилгани, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари шундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлгани қайд этилганди.
Хабарда бундан буён ҳокимлик хизмат автотранспорт воситаларини фақат бириктирилган ҳайдовчилар бошқариши таъкидланганди.
Самарқанд вилоят ҳокимининг бундай қарорга келишига қайси воқеа сабаб бўлганлиги маълум бўлди.
«Kun.uz» суриштируви натижасида Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари (1982 йилда туғилган) Нодир Хушвақтов 2018 йил 29 август куни тунги соат 23:30 атрофида ўзига бириктирилган, давлат рақами 30 425 SAA бўлган «Chevrolet Nexia» русумли автомашинада автоҳалокатга учраб, шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Марҳумнинг отаси, кекса педагог Ҳамидулла Хушвақтовнинг мухбирга маълум қилишича, жорий йил бошида ўғли Нодир Хушвақтов спиртли ичимлик ичиб машина бошқаргани учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан 1 йилга маҳрум этилган бўлган. 2018 йилнинг 24 августида Каттақўрғон шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланган ва унга хизмат машинаси ажратилган.
Отасининг сўзлаб беришича, ўша машъум кунда тунда уни зудлик билан ишхонасига чақириб қолишади. У ўзи истиқомат қилувчи Алижон қишлоғидан Каттақўрғон шаҳрига тезроқ етиб олиш мақсадида тескари йўналишда ҳаракатланади ва ЙПХ автомашинасига дуч келиб, ўзи истиқомат қиладиган қишлоқ йўли бўйлаб қочади ҳамда қарийб 5 км йўл босгач, машинани бошқара олмасдан, автоҳалокатга учрайди. Ҳ.Хушвақтовнинг айтишича, ЙПХ ходимлари ўғлини қувмаганида ўғли машинани бошқариб, 5 км ичкари йўл бўйлаб ҳайдамаган бўларди. Ота, ўғлини ЙПХ ходимлари таъқиб этаётганини кўрган гувоҳлар борлигини иддао қилади.


















