Европа инвестиция банки Ўзбекистонга 200 млн евро ажратди
Европа инвестиция банки Ўзбекистон Республикасига илк кредитларини тақдим этади. У билан сувдан фойдаланиш инфратузилмаси ва энергия самарадорлигини оширишни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.
Биринчи 100 миллион евролик кредит сув ва оқава сув лойиҳаларини молиялашга мўлжалланган бўлиб, у Европа Иттифоқи раҳнамолигидаги Иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатлар ва Атроф-муҳит дастури доирасида амалга оширилади. Лойиҳалар Ўзбекистонга кўп жиҳатдан ташқи сув захираларига боғлиқлик ва жойларда ичимлик суви захиралари етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга кўмак беради. Ўзбекистонда истеъмол қилинадиган сувнинг яқин 80 фоизи қўшни мамлакатлардан келади.
Иккинчи 100 миллион евролик қарз кредит линияси сифатида режаланган бўлиб, Ўзбекистондаги кичик ва ўрта ҳажмдаги корхоналар, ўрта ҳамда хусусий сектор компанияларида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган инвестицияларни ўзлаштиришда кўмак беради. ЕИБ маблағи ҳукуматнинг мамлакатда энергия истеъмоли даражасини 2030 йилга қадар 50 фоизга камайтириш режасини амалга оширишга ёрдам беради ва бу борада саноат секторида жуда кўп ўзгаришлар қилиш имконияти мавжуд.
“ЕИБ Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаганига бир йил тўлганида мамлакат тарихида илк бор ЕИБ кредит шартномалари имзоланганидан жуда ҳам хурсандмиз. Улар мамлакат иқтисодига кўмак беради ва айни пайтда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини бартараф этишга ҳисса қўшади. Мазкур икки кредит сув инфратузилмасини модернизация қилиш, тежамкор ҳамда экологик безарар технологияларни қўллашга ўтишда кўмак беради. Энергияни кўп истеъмол қиладиган саноатга экологик безарар инвестициялар киритиш орқали ЕИ банки барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, тоза энергия ҳамда иқлим ўзгаришига қарши кураш ишларига ҳисса қўшмоқда”, - дейди Марказий Осиё учун ЕИБ масъул вице-президенти Вазил Худак.
Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари ва Давлат инвестиция қўмитаси раиси Суҳроб Холмуродовнинг сўзларига кўра, сув ва энергия секторларидаги дастлабки икки ҳужжатни имзолаш орқали Ўзбекистон ва ЕИБ ўртасидаги битимда кўзланган ҳамкорлик янги даражага кўтарилади.
“Биз ЕИБнинг Ўзбекистонда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган жуда муҳим ижтимоий инфратузилма лойиҳалари, яшил энергия тарғиботи ва энергия самарадорлиги юқори бўлган технологияларни ривожлантиришда кўрсатадиган ёрдамини қадрлаймиз”, - дейди Холмуродов.
Ҳар икки лойиҳа Жаҳон Банки билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда ҳамда Марказий Осиё учун Инвестициялар Жамғармаси томонидан техник ёрдам берилиши кутилмоқда. Мазкур жамғарма Европа Комиссияси томонидан бошқарилади ва Марказий Осиё давлатларида инклюзив ва барқарор ўсишни қўлловчи устувор инвестицияларни бошқаришда ёрдам беради.
Маълумот учун: Европа инвестиция банки (ЕИБ) Европа Иттифоқининг узоқ муддатга кредитлар берадиган ташкилоти бўлиб, унга барча аъзо давлатлар эгалик қилади. Ташкилот ЕИ мақсадларига ҳисса қўшиш йўлида ишончли сармоялар учун узоқ муддатли маблағлар ажратади. ЕИдан ташқарида мазкур банк аввалроқ Европа Комиссияси билан ассоциация ёки ҳамкорлик битимлари имзолаган мамлакатлар иқтисодига ҳисса қўшадиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди.
Мавзуга оид
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024
Қирғизистон қўшни давлатларга қанча сув бераётганини эълон қилди
12:00 / 26.10.2024
Қишлоқ хўжалигида сув олиш лимити халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқланади
13:30 / 25.10.2024