Президент фармони билан сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ичимлик сувини тежаш ва соҳада ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор янги чоралар белгиланди.

Ҳужжатга кўра, ҳар йили март ойида “Сувни тежаш ойлиги” ўтказилади. Унинг доирасида сувни тежаш, уни қадрлаш маданиятини шакллантириш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган тарғибот ишлари ташкил этилади.

2027 йил 1 январдан бошлаб республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларига ичимлик сувини тежаш, шунингдек, ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатиш кўрсаткичлари ҳам киритилади.

Шу санадан бошлаб замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатмаган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари Бош прокуратура томонидан назоратга олинади.

Шунингдек, 2027 йил 1 апрелдан эътиборан ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун бюджет ташкилотларига республика бўйича ягона тарифлар жорий этилади.

Фармонга мувофиқ, ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнлари бўйича алоҳида ҳисоб-китоб юритиш тизими ҳам йўлга қўйилади. Бу соҳада харажатлар ва хизматлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.