Бир қараганда, «Атлетико» – топ-клуб эмас, шунинг учун жамоа қатнашаётган ҳар қандай турнирда босим остида қолмайди. Молиявий имкониятлар ва масштаб бўйича, «Реал», «Барселона» ёки АПЛ жамоаларидан сезиларли орқада, тўғри, аммо бугунга келиб, мадридликларни масалан, «Севилья» ёки «Валенсия» билан ҳам тенглаштирмаган бўлардим. Яъни, «жамоа деярли «Севилья» даражасидаги клуб, лекин Симеоненинг маҳорати ва жамоанинг доимий равишда бир бош баландга сакраётгани туфайли топ-клублар қаторида юради» демаган бўлардим.

Тўрт йил олдинги чемпионлик қайсидир маънода бўйдан баланд сакраш бўлганини инкор қилмаган ҳолда, бугунги «Атлетико»нинг мавқеи, трансферлар бозоридаги ҳаракатлари «Севилья» ё «Валенсия»дан катта фарқ билан олдинда эканини кўрсатади. Антуан Гризманндек футболчини «Реал» ва «Барселона» тумшуғи остида шу пайтгача ўз сафида сақлаб қола олиш фақат топ-клубнинг қўлидан келади. Биргина футболчи учун (Лемар) 80 миллиондан воз кечиш фақат топ клубларга хос, яъни бугунги «Атлетико» – том маънодаги топ-клуб.

«Севилья» ва «Валенсия» бир трансфер ойнасида бир неча футболчи учун ҳам 80 миллион сарфлай олишмасди. Гризманн уёқда турсин, Лангле ёки Канселу каби бир мавсум чақнаган иқтидорли футболчиларни сақлаб қолиш ҳам юқоридаги жамоалар учун катта муаммо.

Европа осмонида чақнаган юлдуз футболчилар бозорида «Атлетико» номининг деярли тилга олинмаслиги, яъни юлдузларни жалб қилиш бўйича мадридликлар «Реал», «Барселона» ёки АПЛ клублари каби фаол кўринмаслигининг сабаби эса, бошқа. Бу ерда Сименонинг ўзига хос мураббийлик қарашлари катта аҳамият касб этади.

Гап пулда эмас, Симеонега ҳам Моуриньога берилаётган пулни беришлари мумкин, аммо аргентиналик мутахассис шунақа ҳолатда ҳам Погбага эмас, Родрига харидор бўлишига ишонаман. Яъни, «Атлетико»нинг гўёки камтарона трансфер сиёсати етишмовчиликдан эмас, Симеоненинг футболга бўлган қарашидан келиб чиқади. Агар гап нарх устида бўлганида, юқорида тилга олинган Лемар ўрнига арзонроқ вариант изланарди. Аммо Симеоне бу футболчига қизиқди – клуб «Арсенал» ва «Челси»ни ортда қолдириб, франциялик юлдузни сотиб олди.

Симеоне майдонда ҳар қандай иш қўлидан келадиган юлдузни эмас, майдонда унинг айтганларини бажара оладиган ижрочини қидиради. Бундай махсус қидирув натижаси сиз-у бизга таниш бўлмаган футболчи бўлиб чиқиши эҳтимоли ҳам шунинг учун баланд.

Бошқа йўл ҳам йўқ, «Атлетико» ва Симеоне дунё гранд жамоаларига бир қаршилик ўлароқ майдонга чиқди, баъзи фронтларда улар устидан ғалаба ҳам қозонди. Бундай натижалар фақат ва фақат фарқлироқ бўлган мураббий қараши ва услуби ёрдамида амалга ошиши мумкин эди холос. Симсеоне услубининг деярли бир тизимга айлангани эса, «Атлетико» умрини узайтирмоқда. Ўз навбатида, жамоа раҳбарияти муҳим футболчиларни сақлаб қолишда катта иш қилишмоқда, зеро бир йиллик чақнашдан кейин бир қатор аҳамиятли футболчиларини йўқотган «Лестер» каби тақдирдан қутулиб қолиш осон эмасди.