Тақдимотда қайд этилишича, 2026 йилда республика олийгоҳларини 320 минг нафар талаба битириши кутилмоқда. 8 мингдан зиёд лойиҳаларни молиялаштириш учун 500 миллиард сўм маблағ йўналтириш, 10 мингга яқин ёшларни банд қилиш режалаштирилгани маълум қилинди. Мазкур дастурни унда иштирок этувчи тадбиркорлик субъектларига қўшимча молиявий имкониятлар тақдим этиш орқали янада кенгайтириш таклиф этилди.

Шунингдек, “TalabaExpo-2026” касб кўргазмаларини иш берувчи ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини фаол жалб этган ҳолда республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам самарали ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Битирувчилар бандлигини таъминлашда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, йирик хўжалик бирлашмалари масъулиятини ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Барча жараёнлар бандликка кўмаклашувчи “career.edu.uz” платформаси орқали мониторинг қилиниб, бандликни таъминлаш масаласи маҳаллий ҳокимликлар даражасигача туширилади. Натижада битирувчилар билан ишлашнинг вертикал тизими йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, талабаларни иш билан банд қилишда олийгоҳ даражасида ишларни тизимли йўлга қўйиш бўйича янги механизмлар таклиф қилинди. Жумладан, барча олийгоҳларда карьера марказлари фаолияти тўлиқ йўлга қўйилиб, натижадорлигига қараб рағбатлантириб борилади. Марказлар фаолияти “Битирувчи сифати индекси” орқали баҳоланиб, энг юқори натижа кўрсатган 20 та олийгоҳнинг карьера марказларига 500 миллион сўмдан ажратилади.

Жорий йилда олийгоҳ миқёсида 360 та, факультетлар миқёсида 750 та меҳнат ярмаркалари ҳамда ҳар бир йўналиш кесимида мингдан ортиқ иш берувчилар билан учрашувлар (воркшоплар) ташкил этилади.

Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб талабаларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларни бизнес юритиш учун мавжуд имкониятлар билан таништириш мақсадида барча олийгоҳларда “Тадбиркорлик асослари” фанини ўқитиш йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, олийгоҳларда талабаларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ташкил этиладиган спин-офф корхоналарига талабаларни жалб этиш, кафедраларнинг тегишли тармоқ корхоналарида филиалларини очиш, битирув лойиҳалари ҳимоясини иш берувчи корхоналарда ўтказишни кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди.