Иқтисодиёт | 01:22 / 18.10.2018
5592
3 дақиқада ўқилади

Россиядан Ўзбекистонга импорт ҳажми 40 фоизга, Ўзбекистондан Россияга экспорт 8,6 фоизга ортди

Пахта, сархил мевалар, шарқона ширинликлар ва тансиқ таомлар Ўзбекистоннинг ўзига хос миллий бренди ҳисобланиб, Россиянинг ҳар бир бурчагида севимли ва ардоқли. Ўзбекистон иқтисодиётининг бошқа муҳим тармоғи – тоғ-металлургия мажмуаси маҳсулотлари эса дунё иқтисодиётида ҳам муҳим ўрин эгаллайди, дейди  Россия экспорт маркази бош директори Андрей Слепнев ЎзАга берган интервьюсида

"Мамлакатингиз Россия озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат ва тоғ-кон ускуналари, дори-дармон ва гигиена воситалари, ўрмон саноати маҳсулотларининг йирик истеъмолчиси. Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама савдо жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда: 2017 йилда унинг ҳажми 3,65 миллиард долларни, ўсиш суръати эса 2018 йилнинг 8 ойи мобайнида ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичга нисбатан 30,3 фоизни ташкил қилди. Шу билан бирга, Россиядан Ўзбекистонга импорт ҳажми 40 фоизга, Ўзбекистондан Россияга экспорт 8,6 фоизга ортди. 2018 йилда Россиядан Ўзбекистонга юқори импорт суръатлари мамлакатингизда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ишлари билан изоҳланмоқда: етказиб берилган экспорт товарларининг асосий қисми чоксиз пўлат қувурлар (+444,8 фоиз), шунингдек, бульдозер, экскаватор ва йўл-қурилиш машиналари (+264,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келмоқда. Россия экспортининг 80 фоиздан ортиғи эса нохомашё ноэнергетик товарлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Юқорида қайд этилган йўналишлардан ташқари Россиянинг алюминий ва унинг қотишмасидан тайёрланган буюмлар, электротехника товарлари, шакар, тахта ва ёғоч материалларига ҳам юқори талаб сақланиб қолмоқда", - дейди Россия экспорт маркази Бош директори. 

Шунингдек Слепневнинг сўзларига кўра, РФ президенти Владимир Путин Ўзбекистонга Россиянинг Марказий Осиё минтақасидаги муҳим ва ишончли шериги сифатида қарайди. 
"Уни Президент Шавкат Мирзиёев билан жуда яхши конструктив ва дўстона муносабатлар боғлаб туради, улар бир неча бор халқаро форум, саммит ва конференцияларда ҳам учрашди. Халқаро экспертларнинг фикрича, мамлакатингизда яқин йиллар ичида ЯИМнинг кескин – йилига 6 фоизгача ошиши кузатилади. Россия Ўзбекистон иқтисодиётини мустаҳкамлашдан манфаатдор: мамлакат қанчалик бой бўлса, унинг импорт қудрати ҳам ортиб боради, аҳолининг истеъмол даражаси юқори бўлади, у кўпроқ саёҳат қилади. Кўпчилик ўзбеклар рус тилини яхши билгани, мамлакатларимиз маданий мерос соҳасида муштарак жиҳатларга эга эканидан келиб чиқиб, Россия мамлакатингиз фуқаролари учун асосий сайёҳлик маршрутларидан бирига айланишига ишончимиз комил", - дея таъкидлайди у.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид