Туркманистон ташқи ишлар вазири Шавкат Мирзиёев билан яқинда бўлиб ўтган учрашув ҳақида маълум қилди
16 октябрь куни Туркманистон делегацияси Ўзбекистонга амалий ташриф билан келиб, президент Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказди.
Бу ҳақда 19 октябрь куни ҳукумат йиғилишида бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов маълум қилди, дея хабар беради Туркманистон давлат ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга салом йўллаб, Ўзбекистон Туркманистон билан дўстона муносабатларга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган. Шу билан бирга, жорий йилнинг апрель ойида Туркманистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи вақтида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Туркманистон делегациясининг Тошкентга ташрифи доирасида Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги икки томонлама маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди, уларда сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда туркман-ўзбек мулоқотини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, 2019 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг саммитига тайёргарлик кўриш ва кун тартибига оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.
«Шу муносабат билан қўшни давлатлар билан дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш Туркманистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани билдирилиб, президент Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Республикаси билан тенг ҳуқуқли асосдаги ҳамкорликнинг стратегик хусусиятини мамнуният билан таъкидлади», - дейилади агентлик хабарида.
Мавзуга оид
16:23 / 28.10.2024
Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди
22:15 / 25.10.2024
БМТ Марказий Осиёни «Тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди» деб эълон қилди
18:51 / 12.10.2024
Ашхободдаги кўчага президентни даволаган немис шифокорининг номи берилди
20:48 / 09.10.2024