19 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикасида биринчи АЭС қурилиши лойиҳасининг амалга оширилишига старт беришди.

АЭС қурилиш лойиҳаси ССЭР-1200 русумдаги реакторлар билан жиҳозланган иккита энергоблок қурилишини ўз ичига олади. Мазкур энергоблоклар 3+ авлодига тегишли бўлиб, замонавий технологияларнинг ишончлилигини сезиларли даражада оширган ҳолда, Атом энергетикаси халқаро агентлигининг (МАГАТЭ) замонавий хавфсизлик талабларига тўла жавоб беради.
Ўзбекистондаги АЭСнинг биринчи энергоблоки 2028 йил охирига қадар ишга туширилиши режалаштирилган. 

Аввалроқ Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл атрофидаги ҳудудлар АЭС қурилиши учун салоҳиятли майдон сифатида кўрилаётгани маълум қилинган эди. Кейинроқ Жиззахдаги Айдаркўл атрофидаги ҳудуд ҳам салоҳиятли ҳудуд сифатида эътироф этилди.

Ушбу АЭС қурилиши 11 миллиард долларга баҳоланган.

Бугунги кунда дунёда нечта АЭС фаолият кўрсатмоқда? АЭС қандай ишлайди? Унинг қандай устунлик ва камчиликлари бор? АЭСлар сони бўйича қайси давлат биринчи ўринда туради?
Қуйида шу ҳақда батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Биринчи АЭС қачон қурилган?

Собиқ Иттифоқ олимлари ўтган асрнинг 40-йилларида ана шундай электростанцияларнинг ишлаш тамойиллари борасида изланишлар олиб боришни бошлашган. 1948 йилда И. Курчатов ҳукуматга атом энергиясини ажратиб олиш бўйича ишларни бошлашни таклиф қилади. 1950 йил майда Калуга областидаги Обнинск шаҳрида дунёдаги биринчи АЭС қурилиши бошланади. Қуввати 5 МИт бўлган мазкур АЭС қурилиши 1954 йилда якунланади ва Обнинск АЭСи ишга тушади.

Ядровий реактор ёрдамида электр энергияси эса илк бор 1951 йилда АҚШнинг Айдаҳо штатида олинади. У тажрибавий бўлиб, атиги 800 Вт энергия ишлаб чиқаради. Унинг ишлашини текшириб кўриш учун генераторга тўртта чўғланма лампочка уланади ва ҳеч ким кутмаган ҳолда бу лампочкалар ёнади.