Дунё синов дунёси. Буни барчамиз эътироф этамиз. Аллоҳ кимнидир тўкин-сочинлик, бойлик неъмати билан сийласа, бошқа бир бандасини қашшоқлик, етар-етмаслик билан синайди. Шу билан, шубҳасиз, ўша қашшоқ инсон атрофидагилар ҳам синалади. Сиз-у биз синаламиз. Кимимиз уларга хайр-саховат қўлимизни чўзсак, эҳтимол яна кимдир уларни қўл учида кўрсатар!
Навоий ва Қашқадарё вилоятлари бўйлаб хизмат сафаримиз чоғида шу йилнинг ёз ойларида бўлганимиз шундай оилалардан бири – Талимаржон шаҳарчаси “Обод” маҳалласи, Улуғлик кўчаси, 3-, 5-уйларда яшаб келаётган оилалар ҳолидан яна бир бор хабар олдик. Маҳалла раиси Саид ака Рўзиевнинг айтишича, маҳаллада Каримов Даврон ва у билан ён қўшни бўлган қайнотаси Тўраев Қодир хонадони аҳллари ҳақиқатдан ҳам жуда оғир иқтисодий шароитларда яшаб келишади. Бундай оилалар эса, маҳаллада 5та. Рўзиевнинг сўзларига кўра, маҳалланинг ўз фонди бўлганида, балки ушбу оилаларга ўз вақтида ёрдам бериш имкони бўлар эди.
Youtube'да кўриш
Facebook'да кўриш
Mover.uz'да кўриш
https://mover.uz/video/embed/rSr6S11m/
Таъкидлаш ўринлики, Нишон туманининг ўша вақтдаги ҳокими Асрор Жўраев бизнинг аввалги ташрифимизда (2018 йил май ойи бошлари) айни оила шароитини яхшилаш, турмуш ўртоғи ва фарзандини (оиланинг тўнғич фарзанди, отаси каби пайвандчи, аммо Қозоғистонда) ишга жойлаштириш масаласида ёрдам беришга ваъда берган эди. Афсуски, ҳоким сўзлари ваъдалигича қолиб кетибди.
Қолаверса, Каримов Давроннинг уйи қулаб ҳам тушган. Ҳашар йўли билан қурилаётган уйнинг битишидан ҳали дарак йўқ. Бунинг учун хонадон аҳлида маблағ танқис. Эру-хотин нафақада бўлган Тўраев Қодир аканинг яшаб турган уйи ҳам ана-мана қулаб тушадиган. Зудлик билан чора кўрилмаса, бу йилги қиш мавсуми оғир келса, улар кўчада қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.






















