Иқтисодиёт | 13:07 / 23.10.2018
21103
2 дақиқада ўқилади

Суҳроб Холмуродов АҚШ компанияларига чақириқ билан чиқди

Фото: Аскар Якубов

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Суҳроб Холмуродов Америка компанияларини Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритишга чақирди. У бу ҳақда Тошкентдаги Ўзбекистон-Америка бизнес-форумида маълум қилди.

«Умид қиламанки, бугун Америка компаниялари раҳбарлари Ўзбекистонга янгича назар ташлашади ва катта иқтисодий салоҳиятга эга лойиҳаларни ўзлари учун аниқлайдилар», - дейди Холмуродов.

У АҚШ компанияларига кимё ва нефть-кимё саноати, геология қидирув ишлари, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, агросаноат комплексини ривожлантириш инвестиция киритиш таклифи билан чиқди.

«Биз туризм инфратузилмаси, меҳмонхона бизнеси ривожланишига жиддий эътибор қаратяпмиз. Тарихий шаҳарларда, айниқса, меҳмонхоналар кескин етишмаётганини сезмоқдамиз. Тез ривожланаётган туризм соҳаси ноёб имкониятларидан фойдаланиш ва лойиҳаларда иштирок этишга таклиф қиламиз», - дея қўшимча қилиб ўтди бош вазир ўринбосари.

«Ўзбекистон - амалга оширилмаган улкан сармоявий салоҳиятга эга мамлакат. Биз очиқ мулоқотга тайёрмиз ва сизга янги Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришга таклиф қиламиз. Мен Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармонларини узоқ муддатли ҳамда самарали муносабатларни ривожлантириш учун биргаликда ишлашга чақираман», - дея қайд этиб ўтди Холмуродов.

Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистон ва АҚШ товар айланмасини деярли икки баробарга оширди - 332 миллион долларга. Ўзбекистонда АҚШ компаниялари иштирокида 210 корхона фаолият юритади, 2018 йил бошидан бери Америка капитали иштирокида 25 корхона ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Холмуродов ва Комилов Ўзбекистон президенти ташрифига тайёргарлик кўриш учун Германияга бориши хабар қилинганди.

Мавзуга оид