Транспортни маст ҳолда бошқарганлик учун жавобгарлик кучайди
2018 йил 22 октябрдаги ЎРҚ-503-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритилди.
131-модда (131-модда. Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш):
биринчи қисмининг санкцияси (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши - транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади) қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади»;
иккинчи қисмининг санкцияси (Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса - энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади) қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«энг кам иш ҳақининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади»;
учинчи қисмининг санкцияси (Алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш - энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади) қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади».