Таклифлар пакети ҳақида ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос 6 октябр куни Страсбургда маълум қилди. Унинг айтишича, дастлабки баҳолашлар иттифоқ кенгайишга тайёрлигини кўрсатган, бироқ айрим соҳаларда ўзгаришлар зарур.

Еврокомиссиянинг асосий мақсадларидан бири — аъзолик музокараларидаги айрим оралиқ қарорларни қабул қилишни енгиллаштириш. Хусусан, музокаралар кластерларини очиш каби масалаларда бир овоздан розилик талабини малакали кўпчилик овози билан алмаштириш таклиф этилмоқда.

Бу бир давлатнинг ветоси сабабли бутун жараён тўхтаб қолиши мумкин бўлган ҳолатларни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Номзод давлатларга тўлиқ аъзо бўлишидан аввал ҳам кўпроқ имконият бериш режалаштирилган. Белгиланган ислоҳотларни амалга оширган мамлакатлар ЕИнинг айрим дастурлари, фондлари ва соҳавий ҳамкорлигида кенгроқ иштирок этиши мумкин.

Гап, жумладан, энергетика, транспорт, сунъий интеллект, хавфсизлик ва мудофаа соҳалари ҳақида кетмоқда. Кос босқичма-босқич интеграция тўлақонли аъзолик ўрнини босмаслигини, балки унга эришишни тезлаштириши кераклигини таъкидлаган.

Янги аъзолар учун қўшимча ҳимоя механизмлари ҳам таклиф қилинмоқда. Брюссел мамлакатлар иттифоққа кириш учун бажарган демократик талабларидан кейинчалик ортга қайтмаслигини таъминламоқчи.

Таклифга кўра, аъзоликдан кейинги 15 йил давомида асосий демократик қадриятлар ёки самимий ҳамкорлик тамойили бузилса, тегишли давлатнинг ЕИ бюджетидан маблағ олиши ва ҳатто овоз бериш ҳуқуқи тўхтатилиши мумкин.

«Бошқа Виктор Орбанлар бўлмасин», — деган Марта Кос. У амалдаги 7-модда тартибига нисбатан тезкорроқ чора кўриш механизмлари зарурлигини билдирган.

Украинанинг қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам алоҳида шартлар муҳокама қилинмоқда. Еврокомиссия мамлакат аграр секторининг кўлами ва юқори унумдорлиги ЕИ бозорларига таъсир қилиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Шу сабабли айрим сезгир маҳсулот турлари учун махсус механизмлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Кос Европа фермерларини ҳимоя қилиш билан бирга, Украинага учинчи мамлакатлардаги анъанавий экспорт бозорларига қайтишда ёрдам бериш ваъдасини берган. Бу масалалар қишлоқ хўжалигига оид музокаралар доирасида муҳокама қилинади.