Ўзбекистон | 17:59 / 23.10.2018
20835
2 дақиқада ўқилади

Жамшид Қўчқоров: тарифлар аҳоли учун фақат 5-10 фоизга ошмоқда 

Молия вазирлиги Ғазначилигида Молия вазирлиги тизимидаги масъул мутахассислар, журналистлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, тариф ислоҳотининг муҳим тамойилларидан бири - аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашдир.

“Шу сабабли тарифлар аҳоли учун фақат 5-10 фоизга ошмоқда. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (газ қуйиш шохобчалари) учун тарифлар деярли ўзгармайди, бу метан нархининг ҳозирги нархларини сақлаб қолиш имконини беради. Газ ёнилғисида ишлайдиган автотранспортда юк ташиш ва такси хизматлари қимматлашмаслиги керак. 

Шу билан бирга, аҳоли учун иссиқлик энергияси тарифларининг ошишини ўртача 10 фоиз даражасида сақлаб қолишга қарор қилинди. Бунда соҳа корхоналарининг вужудга келадиган зарари бюджет субсидияси ҳисобидан қопланади. 

Автомобилларга газ тўлдирувчи компрессор станциялар учун етказиб бериладиган табиий газ нархи 1 кубометрига 800 бўлади. Бунда ҳар бир кубометрига 500 сўмдан тўланадиган махсус инвестициявий устама бекор қилинади. Яъни, АГТКС учун етказиладиган газ нархи атиги 11 сўмга ошади.

Шу билан бирга, юридик шахслар учун тарифларнинг ошиши - электр энергияси 45 фоизга, табиий газ 2 бараварга - ишлаб чиқарилаётган истеъмол товарлар ва хизматларнинг таннархида билвосита акс этади”, - деди Жамшид Қўчқоров.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларига нархлар ва тарифларнинг ўзгариши тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилганди. Унга кўра, ёқилғи, электр энергияси ва газ нархини 16 ноябрдан бошлаб ошириш кўзда тутилганди.

Мавзуга оид