Ўзбекистон | 11:20 / 24.10.2018
12775
2 дақиқада ўқилади

Коллежларнинг бўшаётган биноларини мактаблар ва ОТМларга ўтказиш таклиф этилди

Фото: Ижтимоий тармоқ

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида касб-ҳунар коллежларининг бўшаётган бинолари ва лаборатория жиҳозларини мактаблар ва ОТМларга ўтказиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, кўплаб касб-ҳунар коллежларида қабул квоталари камайиб бормоқда ва баъзиларининг фаолиятини тўлиқ тугатиш ҳам режалаштирилган. Бугунги кунда бўшаб бораётган коллеж бинолари, талабалар турар-жойлари ва улардаги мавжуд лаборатория жиҳозларини ҳудудга яқин бўлган мактаблар ва ОТМларга бириктириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Натижада, 2 сменали ўқув машғулотларидан 1 сменали ўқув машғулотларига ўтилар, факультетларнинг бир нечта бинога жойлашуви ҳисобига, битта бинода 8-10 минг талаба тўпланишининг олди олинар, шунингдек, узоқдан келиб ўқиётган талабаларнинг катта қисми талабалар турар-жойларига жойлашадилар.

Лаборатория стендларини мактаб ва олий таълим муассасалари балансига ўтказиш орқали, керакли жиҳозларнинг йўқолиб кетишининг олди олинади. Физика, биология ва шу каби фанлар учун мўлжалланган лабораториялардан мактабларда фойдаланилса бўлади. Баъзи мутахассислик фанлари (автоматика, назорат ўлчови асбоблари, электротехника, экология ва бошқалар)га мўлжалланган лабораториялардан эса олий таълим муассасалари ўқув жараёнида фойдаланиш мумкин, дейилади мурожаатда.

“Бу ерда муаммо шундаки, касб-ҳунар коллежлари ҳар хил вазирликлар тасарруфида. Фақатгина Олий таълим ёки Халқ таълими вазирлигининг буйруғи ёки топшириғи билан бу ишларни амалга ошириб бўлмайди. Вилоятлар кесимида тегишли комиссиялар ташкил этиш, шу комиссиялар таклифи билан бино ва жиҳозларни балансдан балансга ўтказиш орқали биноларни ҳамда уларнинг моддий-техник базасини таълим муассасаларига тақсимлаш мумкин”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ автотранспортдан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизимини бекор қилиш таклиф этилганди

Мавзуга оид