Гувоҳ бўлиб турибмиз, илгари мажбурий меҳнат билан чамбарчас боғлиқ бўлган пахта мавсуми бу йил мутлақо бошқача тарзда ташкил қилинди. Эшитяпмиз, айрим жойларда аҳён-аҳёнда эскича фикрлаш қолипидан халос бўла олмаётган раҳбарлар, нега пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мумкин эмаслигини мушоҳада этиш неъматидан мосуво бўлган «каттакон»лар ҳамон одамларга зуғум қилишмоқда. Улар битта-битта фош бўлмоқда.

Яна ўқитувчи ва дўхтирлар балогардон

Бугун мулоҳаза қилмоқчи бўлганимиз бошқа мавзу. Билсангиз, пахта мавсумидан сўнг маош олиб ишловчиларни доим «обуна мавсуми» қийнаб келган. Айниқса, бюджетдан маош олиб ишловчи ўқитувчи ва шифокорларни. Таҳририятга яна жойлардан мажбурий обуна учун пул йиғилаётгани ҳақидаги хабарлар кела бошлади. Уларнинг аксарияти ўқитувчилар…

Гарчи республикамизнинг турли гўшаларидан арзлар келаётган бўлса-да, уларнинг мазмуни ҳайратланарли даражада ўхшаш: раҳбарлар фалон нашрга фалон сўмдан обуна учун, дея ўз ходимларининг пешона тери эвазига меҳнат қилиб топган маошидан «босиб» қолмоқда. Худди маошни уларга бобосининг чўнтагидан тўлаётгандек.

Аслида, бу ҳам мажбурлаш ҳисобланади ва қонунан мумкин эмас!

Президент Шавкат Мирзиёев 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг KUN.UZ’га маълум қилишича, ўқитувчининг жамиятдаги мавқеини оширишга доир чора-тадбирлар ичида ўқитувчилар маошидан турли мақсадларда (газета ва журналларга мажбурий обуна, аванс коммунал тўловлар, турли тадбирлар чипталарига ва б.) мажбурий равишда олиб қолиш ҳам тақиқланиши белгиланган.

Бу ўринда айрим нашрларнинг ҳам бу ишга бош-қош бўлаётгани кишини ўйлантирмасдан қўймайди. Нашрнинг обуна уюштирувчи вакиллари ҳудудларга бориб, обуна уюштирганлик учун раҳбарларга «бонус» таклиф қилиб чиқишмоқда. Бу — поранинг замонавийроқ ва легаллашганроқ шакли, аслида.

«Бонус» эвазига раҳбар ўша нашрни мақташи, реклама қилиши, ходимлар эса раҳбар ишонтира олсагина ўз ихтиёри билан ўша нашрга обуна бўлиши керак. Нашрдагилар айнан шундай бўляпти деб оғиз ҳам йиртишади, индамасангиз. Бироқ айрим раҳбарлар ҳамон маъмурий ричагларни ишга солишмоқда — обунага одамлар барибир мажбурланмоқда.