Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Кейинги йилларда олий таълимни янги босқичга кўтаришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Замонавий таълим стандартлари, талабаликка қабул қилишнинг шаффоф тизими жорий этилди. Жорий йилда умумий қабул квоталари ўтган йилга нисбатан 30 фоиз ошди.
Президент қарорлари билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда олий таълим муассасаларини ривожлантириш, таълим сифатини ошириш бўйича дастурлар профессор-ўқитувчилар ва кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан қабул қилинди.
Жорий йилда мамлакатда жами 13 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, Самарқандда “Ипак йўли” туризм халқаро университети, Россия Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси "Миллий технологик тадқиқотлар университети"нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали, Тошкент шаҳрида Жанубий Кореянинг Пучон университети фаолият бошлади.
Давлат раҳбарининг жорий йил 25 сентябрдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди. Ушбу жамғарма хорижда фаолият кўрсатаётган салоҳиятли ватандош олимлар, мутахассислар ва экспертларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга фаол жалб этишга, шунингдек, иқтидорли ёшларнинг ривожланган мамлакатларда таълим олиши, етакчи халқаро институтлар ва хорижий ташкилотларда малака оширишига кўмаклашади.
Жорий йилда илк бор халқаро тажрибалар асосида олий таълим муассасаларининг миллий рейтинги яратилди, таълим ва илмий-тадқиқот жараёнлари таҳлил қилинди. Мазкур таҳлил соҳада қатор муаммо ва камчиликлар борлигини кўрсатди.
Жумладан, олий таълим муассасалари қабул квотаси қамрови умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига нисбатан 7-9 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Россияда 74, Корея Республикасида 96 фоиздир.
Йиғилишда олий таълим муассасаларининг нуфузи, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти халқаро илмий ҳамжамиятда муносиб ўринга эга эмаслиги қайд этилди. Таълим жараёнига дунёда тан олинган фан арбоблари, юқори малакали профессор-ўқитувчиларни жалб этиш яхши йўлга қўйилмагани танқид қилинди.
Ректор ва проректорларни тайинлашда профессор-ўқитувчиларнинг фикри ўрганилмаётгани оқибатида янги тайинланган раҳбарнинг жамоа билан ишлаш самарадорлиги етарлича бўлмаяпти.















