Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, ватандошлар билан ҳамкорликнинг даражаси ва шаклидан келиб чиқиб, уларга Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат томонидан қуйидаги қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари кўрсатилиши мумкинлиги белгиланмоқда:

  • кириш визаларини, шу жумладан, кўп маротабалик ва узоқ муддатли визаларни соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш, вақтинчалик яшашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш;
  • юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олиш;
  • ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериш;
  • давлат тасарруфидаги бўш турган объектларни ва ер майдонларини ватандошларга тадбиркорлик, илмий-тадқиқот, маърифий, инновацион ва бошқа дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиб бериш;
  • ватандошларнинг ўқиши, иши ва бошқа ижтимоий масалаларини тўлиқ (қисман) молиялаштириш;
  • ватандошлар орасида юқори малакали мутахассисларни давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, ушбу ташкилотлар раҳбарларининг консультанти (маслаҳатчиси) сифатида жалб қилиш;
  • Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш;
  • ватандошлар — хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, кино, маданият, театр санъати, телевидение ва радио йўналишлари бўйича таълим олишлари учун грантлар ажратиш;
  • ватандошларнинг оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтишини соддалаштириш;
  • Ўзбекистон Республикасининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ватандошларни давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида давлат томонидан кўрсатиладиган бошқа қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари.