У баскетбол юлдузи бўлишни орзу қиларди. Аммо навқирон 19 ёшида унда жуда хавфли ўсма – саркома аниқладилар ва шифокорлар бир оёғини кесиб ташлашди. Ҳаётга эндигина қадам қўяётган йигитча учун бу даҳшатли синов эди. Лекин у тушкунликка тушмади қолган қисқа умрини курашга сарфлади.

Терри Фокс 1958 йилнинг 28 июлида Канаданинг Виннипег шаҳрида дунёга келган. Ёшлигидан у баскетболга қизиқар ва бу спорт турида яхшигина натижаларга эришаётганди. Мактабни битирганидан сўнг жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиш учун университетга ҳужжат топширди. Аммо 1977 йилда Терри ўнг тиззасида оғриқлар ҳис қила бошлади. Шифокорлар унда суяк саркомаси борлигини аниқлашди.

Маълумот учун: Ўхшаш жиҳатлари кўп ва бир хил тоифага кирсада, саркома саратонга нисбатан хавфлироқ ўсма тури бўлиб, асосан ёшларда кузатилади ва жуда тез ривожланади.

Террининг оёғи тиззасидан юқорисидан кесиб ташланди. Шундан сўнг йигитнинг баскетбол билан боғлиқ орзулари армонга айланди. Олдинда тушкун ва мавҳум ҳаёт кутарди. Деярли уч йиллик эзгинликдан сўнг Терри Фокс қатъий қарор қабул қилади ва кўпчилик унинг юра олишига ҳам шубҳа қилиб турган бир пайтда ясама оёғи билан улкан ватанининг у чеккасидан бу чеккасига қадар – икки уммон оралиғидаги масофани югуриб ўтишга қарор қилади.

«Умид марафони» (ингл. Marathon of Hope) деб номланган бу акциянинг мақсади онкологик касалликларга қарши тадқиқотлар учун маблағ йиғиш бўлди. Терри ҳар бир канадаликдан 1 доллардан пул тўплашни режалаштиради ва деярли бир йил астойдил машқ қилади. У кўзлаган мақсадига етиш, бу масофани забт этиш соғлом одам учун ҳам жиддий синов эканлигини яхши англаб турарди.

«Умид марафони» 1980 йил 12 апрелда бошланди. Ўз оёғини Атлантика океани сувига тиқиб олган Терри Фокс келгуси сафар Тинч океанида шўнғишни мақсад қилганича югуришга тушди. Дастлаб унинг бу акциясига деярли ҳеч ким, айниқса мухбирлар эътибор бермайди. Аммо йигитча тақдир тақозосига кўра калтароқ ясаб қўйилган протез оёқда оқсоқланганича ҳар куни стандарт марафон учун кўзланган марра – 42 километрни югуриб бораверди. «Менда тўхташ учун сабаб ва баҳона йўқ» деган шиор остида ҳаракат қилган Терри фақат бир марта – Рождество байрамида дам олди холос.

Аста-секин у ҳақда ёзишни бошлашди, лавҳалар тайёрланди, Терри Фокс югуриб ўтадиган йўлларга одамлар тўпланиб турадиган бўлишди. Айрим шаҳарларда минглаб одамлар йиғилар, кўплаб спорт мусобақалари ва йирик тадбирлар айнан Терри Фокс етиб келадиган пайтга қараб, у очиб беришини мўлжаллаб бошланарди. Унинг ортидан югурувчилар, Террини йўлларда кузатиб борувчилар гуруҳи пайдо бўлди.