Ўзбекистон | 07:44 / 26.10.2018
6345
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2030 йилгача кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,5 баробарга оширилади

Фото: Flickr

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Президент қарорига кўра, 2018–2030 йилларда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 4,5 баробарга, шу жумладан, минерал ўғитларни 2 баробарга (1,2 миллион тоннадан 2,4 миллион тоннагача), маҳсулотлар экспортини 4 баробарга ошириш, шунингдек, органик кимё маҳсулотлари улушини 7 фоиздан 54 фоизгача етказиш орқали тармоқни диверсификация қилишни назарда тутувчи «Ўзкимёсаноат» АЖ фаолиятида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва модернизация қилиш, базавий маҳсулотларни қайта ишлашни янада чуқурлаштириш, мавжуд активлардан оқилона фойдаланиш ва бошқаришнинг замонавий усулларини жорий қилишнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланмоқда.

Унга кўра:

а) қисқа муддатда (2018–2020 йилларда):

•  «Аммофос-Максам» АЖда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ҳисобига фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини 20,0 минг тоннага ошириш (100 фоиз соф ҳолда);

•  «Навоийазот» АЖда йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол;

•  «Навоийазот» АЖда йилига 500 минг тонна азот кислотаси;

•  «Навоийазот» АЖда йилига 660 минг тонна аммиак, 577,5 минг тонна карбамид;

•  «Фарғонаазот» АЖда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда йилига 7,8 миллион дона замонавий полимер обойлар;

•  «Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш» инвестициявий лойиҳаси (II босқич) доирасида тоғ-кон мажмуаси лойиҳа ҳажмларида ишлаб чиқаришни ташкил қилиш;

б) кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, органик кимё, шу жумладан, полимер маҳсулотлар, синтетик толалар, резинотехника ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтирилган ўрта ва узоқ муддатларда истиқболли инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш (2030 йилгача) назарда тутилмоқда.

Бунда мавжуд ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва кенгайтириш ҳамда янги қайта ишлаш қувватларини яратишга қаратилган, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра умумий қиймати 4,8 миллиард АҚШ долларига тенг 29 та инвестициявий лойиҳа асосан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид