«Kun.uz» мухбири октябрь ойи бошида, Европага сафари давомида RFE/RL «Озодлик» радиоси ўзбек хизмати бош муҳаррири Сарвар Усмон билан суҳбат уюштирди.

У радио фаолияти, Ўзбекистондаги сўз эркинлиги ҳолати, маҳаллий нашрлар ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

Youtube`да кўриш

Mover`да кўриш (tas-ix)

 ​«Озодлик» радиоси қандай нашр, у қандай ташкил топган ва радионинг мақсадлари нималардан иборат? 

— Радионинг ҳаёти бошқалар учун қоронғи эмас, озодликчиларнинг ҳаёти ҳар куни сайтимизда, эфиримизда, ижтимоий тармоқларда акс этиб турибди. «Озодлик»ни ўқийдиган, кўрадиган ва тинглайдиганлар учун бу - қоронғи эмас. Ўқувчилар ҳар куни «Озодлик» орқали Ўзбекистон ҳаёти ёритилиши, демакки, радионинг ўзи ҳам ёруғ эканини кузатиб турибди. 

«Озодлик» ҳақида узоқ гапириши мумкин, радио тарихи 60 йилнинг уёғида... Гапни, балки 17 йилдан бошлашга тўғри келар, менимча бу суҳбатимиз форматига ҳам сиғмаса керак. Ҳеч кимга сир эмас: СССР даврида, Ғарб билан Социалистик лагер ўртасида кечаётган «Совуқ уруш» даврида радио фаолияти йўлга қўйилган. 

Ҳануз ишлаб келяпти. СССР тарқаб кетгач, радио ҳаётини ҳал қилиши мумкин бўлган арбоблар уни ёпиш ҳақида гапирган. Радио Мюнхендан Прагага кўчди. «Озодлик» ўзи эшиттириш олиб бориши назарда тутилган давлатларда демократик қадриятларни ёйиш учун, уларни устувор бўлишга ҳисса қўшиб келаётган радиодир. У 20дан ортиқ тилда эшиттиришларини олиб боради. 

Илгари фақатгина радио эди, ахборот технологиялари ривожланиши билан  медиа корпорациясига айланди. Ҳатто, 6-7 йил аввал ҳам, сайтимиз унчалик ривожланган эмасди. Ҳозир катта эътиборни сайтимизга қаратганмиз, эфир ҳам сақланиб қолган, албатта. Жуда кўп платформаларда ишлашга ҳаракат қиляпмиз. 

Бизни кузатадиган асосий аудиториямиз Ўзбекистонда ва ўрганиш объектимиз ҳам Ўзбекистон ҳисобланади. Маҳаллий нашрлар улгурмай қолаётган, балки журъати етолмаётган мавзуларни биз ёритишга ҳаракат қиляпмиз.