Муаммонинг катта-кичиги йўқ. Фуқаролар ўз дардларини маҳаллий мутасаддиларга айтиб жавоб ололмаганида, муаммога чора топа олмагач, умид билан матбуотга арзини айтишга жазм қилади.
Қуйидаги, мурожаатни ўргангани борганимизда, кўча аҳли, “Тошкентдан муаммомизни ўргангани келишингизга ишониб-ишонмай тургандик”, дея қарши олди. Дарҳақиқат, кичик муаммо. Лекин, унинг замирида одамларнинг бугунги кунги жараёнга бўлган ишончи ётибди.

Андижоннинг Булоқбоши туманидаги Навоий маҳалласи, “Қайрағочариқ” кўчасида яшовчи аҳолининг маҳаллий фермер билан алоқаси бузилиб кетган. Кўчанинг бир томони “Ширмонбулоқ фахри” фермер хўжалигига туташган экан. Ҳар куни одамлар фойдаланадиган, айниқса ёш болалар мактабга қатнайдиган кўча афтодаҳол. Аҳоли икки йилдан бери маҳаллий ҳокимиятга кўчани таъмирлаш бўйича кўп бора мурожаат қилишига қарамай, қишда лой, ёзда тупроқ йўл ҳақида ўйланадиган одам йўқ.

2017- йил 10 январь куни туман ҳокимлиги туманда кўчаларни таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилаётгани ва келгусида Дастурга қўшилиши ҳақида жавоб хати ҳам берган экан.

Бунинг устига, фермер хўжалиги кўчадаги ариқни трактор билан ковлаб, ундан чиққан ахлатни йўл қисмига ташлашни бошлайди. Энига олти метр бўлган кўча лой-балчиққа аралашиб кетди. Аҳоли норози бўлишига фермернинг пинагини ҳам бузмай: “Йўл меники, солиғини мен тўлаяпман. Хоҳлаган жойингга бор!”, дея жавоб берибди. МФЙ раиси М. Жалилов бошчилигидаги оқсоқоллар фермер Муборак Исмоиловага - “Йўл фермер хўжалигига қарамайди”, дея айтиб, уни тартибга солмоқчи бўлишгани ҳам бесамар кетди.


Фермер аёл шу кўчада яшовчи Баҳодир Сулаймонов ва Сурмахон Мамасолиеваларни беҳурмат қиладиган сўзлар билан ҳақорат қилган. Аҳоли, “Наҳотки, йўллар фермер тасарруфида бўлса?” дея ҳайрон. “Опа”нинг кўчага хўжайин бўлиб, айбини айтганни бепарда сўзлар билан ҳақорат қилиши охир-оқибат одамларнинг сабр-косасини тўлдирибди.













