2018 йилнинг 22 октябрь куни Kun.uz сайтида «Андижонда МИБ ва тадбиркор ўртасидаги чигал вазият қандай пайдо бўлди?» сарлавҳали мақола жойлаштирилган эди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюросидан мазкур мақолада келтириб ўтилган фактларга раддия тақдим этилди.

МИБ Kun.uz’га берган раддиясига кўра, сайтда ёритилган мақолада Андижон вилояти, Хўжаобод туманида жойлашган «Samo» бренди остида фойдаланаётган «Nil Granit» масъулияти чекланган жамиятнинг электр тармоғидан узилиш ҳолатида тушунмовчилик бор эканлиги, Бюронинг Хўжаобод туман бўлими ходимлари жамиятни электр энергиясидан узиш важи билан мунтазам безовта қилишини, жорий йил октябрь ойи учун жамият томонидан 20 млн. 363 минг сўмлик қарздорлик бартараф этилишига қарамасдан, улар томонидан асоссиз равишда тармоқдан узилгани баён қилинган.

Аниқланишича, Хўжаобод туманида жойлашган «Samo»бренди остида фойдаланаётган «Nil Granit» масъулияти чекланган жамияти 2018 йил 16 январь куни Хўжаобод туман электр таъминоти корхонаси билан 250312-сонли шартнома асосида электр энергиясидан фойдаланиб келади.

Истеъмолчи «Nil Granit» МЧЖ томонидан ушбу шартномада, энергия сарфи бўйича ҳисоботни «Электр таъминоти корхонаси»га ҳар ойнинг 25 санасигача чопар орқали ёки факсимиль алоқа ёхуд электрон почта алоқаси орқали тақдим этиши ҳамда энергиянинг шартномавий миқдори қиймати учун 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиши кўрсатилган.

Агарда, истеъмолчи шартнома мажбуриятларини бажармаганида,
ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширмасдан қарздорликни вужудга келтирганида, шунингдек, Бюро органлари талабномалари ижро этилмаганида, шу жумладан унинг тегишли вакилларига ҳисоблагичлар кўрсаткичларини олиш учун рухсат этилмаганида, электр тармоқларидан узиб қўйилиши белгиланган.

«Nil Granit» МЧЖ ижрочи директори А.Маткаримов томонидан жамият номидан ҳар ойнинг охирги санасига қадар келгуси ойи учун истеъмол қилинадиган табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви миқдорини олдиндан 100 фоиз миқдорида тўлиқ тўлаб борилишига кафолат хати тақдим қилинган. (2018 йил 17 январда)