Ўзбекистон | 00:52 / 30.10.2018
9167
2 дақиқада ўқилади

Бахмал туманидаги тоғли ҳудудда ҳарбий хизматчилар шартли ярадорларни қутқарди

Марказий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмлардан бирининг ҳарбий хизматчилари Бахмал туманида жойлашган тоғли ҳудудда мураккаб амалий машғулотлар ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда ўтказилган машғулотлар давомида тик қояли жойларда яраланганларни эвакуация қилиш, тоғ табиий тўсиқларини енгиб ўтиш ва ўқув жанговар вазифалар муваффақиятли бажарилди.

«Шу кунларда қишки машқларга тайёргарлик кўряпмиз. Қор ва изғирин аёзда яшовчанликни ошириш бўйича машқлар ўтказишни режалаштиряпмиз. Барча зарур анжомлар билан мана шу тоғларга чиқиб, бир суткалик машғулотларни гуруҳлар миқёсида мусобақа тарзида ташкиллаштиришни кўзда тутганмиз», – дейди сержант Алишер Каттақулов.

Ҳарбий қисм қўмондонлиги таъкидлашича, шахсий таркибнинг машғулотлари бир-бирини такрорламайдиган, аксинча, бир-бирини тўлдирадиган янги усулларда ўтказилмоқда. Бунда тоғ шароитларида бўлинмадан ажралган ҳолда мустақил ҳаракат қилиш ва шу орқали ҳарбий хизматчининг бардоши ва иродасини чиниқтириш назарда тутилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид