Дунёдаги энг йирик хусусий ўқув муассасаси EF Education First инглиз тилини билиш даражаси бўйича ҳар йиллик глобал рейтингни тақдим этди. У 88 мамлакат ва минтақаларда яшовчи, она тили инглиз тили бўлмаган 1,3 миллион киши бўйича маълумотларга асосланган.
«EF EPI тадқиқотимиз шуни кўрсатадики, давлатлар ва алоҳида шахслар инглиз тилини ўрганишга сармоя киритишда давом этяпти, бунда тил рақобатбардошликнинг дастакларидан бири сифатида муҳимлиги тан олинмоқда», - дея айтиб ўтди EF’нинг тадқиқотлар бўйича катта директори доктор Минх Н. Тран.
Унинг сўзларига кўра, EF ушбу рейтингни эълон қила бошлагач, у ҳукуматлар, компаниялар ва ўқитувчилар учун инглиз тили кўникмаларини муҳокама қилишда де-факто ўзига хос кўрсаткичга айланди.
Рейтингда биринчи ўринни Швеция эгаллади, иккинчи - Нидерландия, учинчи - Сингапур.
Улардан ташқари, биринчи 12 ўринни (жуда юқори даражадаги мамлакатлар) Норвегия, Дания, ЖАР, Люксембург, Финляндия, Словения, Германия, Бельгия ва Австрия эгаллади.
13 дан 27 гача бўлган позициялар даража шунчаки юқори бўлган давлатларга берилди. Улар орасида Польша, Чехия, Малайзия, Греция, Болгария, Аргентина ва бошқалар бор.
28 дан 44 гача бўлган ўринлардан ўртача даражадаги мамлакатлар жой олди - Франция, Жанубий Корея, Испания, Беларусь, Россия, Украина ва бошқалар.
45 дан 65 гача бўлган поғоналар паст даражадаги мамлакатлар билан банд. Булар Бразилия, Грузия, Хитой, Покистон, Миср, Индонезия ва бошқалар.
Сўнгги ўринларни (65 дан 88 гача) инглиз тилини билиш даражаси жуда паст бўлган мамлакатлар эгаллади - Эрон, Озарбойжон, Сурия, Қозоғистон, Жазоир, Туркия, Гондурас ва бошқалар. Ўзбекистон 86-ўринни эгаллади, Ироқ - 87, Ливия - 88.
Маълумот учун: Education First халқаро таълим марказига 1965 йилда асос солинган. EF дунёдаги энг йирик хусусий ўқув муассасаси ҳисобланади, унинг филиаллари жаҳоннинг 100 дан ортиқ давлатида фаолият юритади.









