Ўзбекистон Республикаси президенти “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Термиз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ташкил этиш ҳамда ушбу фестивални биринчи марта 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.
Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида низом;
Халқаро бахшичилик санъати фестивалини 2019 йилда ўтказиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Ташкилий қўмитага (А.Арипов):
Фестивални ўтказиш бўйича белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
Фестиваль совриндорларига топшириладиган диплом, сертификат, ҳайкалчалар намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш вазифалари юкланди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
Фестивалга хорижий давлатлардан таниқли фольклоршунос олимлар, бахши, шоир, оқин ва жировлар, ижодий жамоалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фахрий меҳмонларни таклиф этишда Маданият вазирлигига амалий ёрдам кўрсатади;
Фестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Маданият вазирлигининг буюртманомаларига биноан, Ўзбекистон Республикасига кириш визаларининг белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминлайди.
Маданият вазирлиги Фестивалнинг тантанали очилиш маросимини ҳар томонлама пухта ва бадиий жиҳатдан бетакрор усулда тайёрлаш учун юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорларни кенг жалб этади.

















