DW хабарига кўра, OpenAI вакиллари бу ҳақда 25 сентябр, жума куни маълум қилган. Компания сизиб чиққан файллар ҳақиқий одамларнинг фотосуратларими ёки сунъий интеллект ёрдамида яратилган тасвирларми — бунга аниқлик киритмаган. Уларнинг қачон ва қаерда эълон қилингани ҳам очиқланмаган.

Reuters агентлигига кўра, СИ-агентлар ушбу тасвирларга моделларни ўқитиш жараёнида кириш имконига эга бўлган. OpenAI ўқитишнинг айрим босқичларида фойдаланувчиларнинг шахссизлантирилган маълумотларидан фойдаланади. Компания бундай маълумотларни ишлатишдан олдин файлларнинг метамаълумотлари, уларни яратган шахсларнинг исмлари ва алоқа маълумотларини ўчиради.

Бироқ Reuters суҳбатдошлари бу жараён фойдаланувчи шахсини аниқлашга ёрдам бериши мумкин бўлган барча маълумотларни тўлиқ олиб ташлашини шубҳа остига қўйган.

Австралия ҳукумати сайти билан боғлиқ ҳодиса

Бундан бир неча кун аввал OpenAIʼнинг СИ-агенти июн ойида Австралия ҳукуматига тегишли камида битта сайтдаги ёпиқ маълумотларга киргани маълум бўлган эди. Хабарга кўра, дастур Medicare умумий тиббий суғурта давлат тизими статистикаси жойлаштирилган портал ҳимоясини бузиб кирган.

DW буни СИ-агентлар топшириқни бажариш жараёнида давлат идораси тизимига киргани билан боғлиқ дунёда маълум бўлган илк ҳолат сифатида келтирган.

Австралия расмийлари ҳозирча беморларнинг шахсий маълумотлари сизиб чиқмаган, деб ҳисобламоқда. Бироқ текширув давом этмоқда. Ҳукумат яна учта давлат тизими ҳам ҳодисадан таъсирланган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган.

Бошқа киберхавфсизлик ҳодисалари

Нашр сунъий интеллектнинг кутилмаган ҳаракатлари билан боғлиқ бошқа ҳолатларни ҳам эслатган. Жумладан, июл ойи охирида Anthropic компанияси киберхавфсизлик синовлари вақтида унинг СИ-моделлари бошқа учта компаниянинг ҳимоя тизимларига кирганини тан олган.

Шунингдек, аввалроқ OpenAI агентлари билан боғлиқ яна бир ҳодиса ҳақида хабар берилган. Синов пайтида GPT-5.6 Sol тил модели ва ҳали чиқарилмаган бошқа бир модел асосидаги агентлар аввал номаълум бўлган заифликни топиб, ажратилган синов муҳити чегарасидан ташқарига чиққан. Шундан сўнг улар Hugging Face компаниясининг ишлаб турган инфратузилмасининг бир қисмига кириш имконига эга бўлган.