Бир неча дақиқалардан сўнг Москвада AIBA Конгрессининг энг муҳим лаҳзалари – ташкилот раҳбарлигига сайлов жараёни бошланади.

Кун тартибига мувофиқ, овоз бериш жараёни бошланиши олдидан номзодлар минбарда нутқ сўзлади. Анжуманни бевосита кузатиб бораётган Kun.uz мухбири AIBA президентлигига номзод ўзбекистонлик Ғофур Раҳимовнинг сўзларини келтириб ўтди.

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

«Шу йил бошида бўлиб ўтган Конгресс мажлисидан буён вақтинчалик президент вазифасини бажариб келганим мен учун улкан шараф бўлди. Мен бундан фахрланаман ва билдирган ишончингизни юксак қадрлайман.

Ҳозир ҳам келгуси 4 йил давомида президент этиб сайланишим учун қўллаб-қувватлашингиз ва ишонч билдиришингизга умид қиламан. Бугун олдингизда танлов имконияти мавжуд. Бу боксни ривожлантириш борасида фақат ва фақат сиз қарор қабул қила олишингизни билдиради. Биз дуч келган жиддий молиявий танглик ҳолатини бартараф этиш учун кейинги етакчи ким бўлишини сиз белгилаб берасиз. Сўнгги ойлар давомида эришган ижобий натижаларимизда бардавом бўлишимиз учун энг яхши лидер ким эканини ҳал қилиш сизнинг зиммангизда.

Кўплаб аргументларни тингладингиз. Аммо мен сиз учун устуворлик касб этиши керак бўлган ғояни келтираман: бокснинг олимпия ўйинларидаги келажаги ва AIBA`нинг ўз келгуси тақдири.

Бокснинг олимпия ўйинларидаги ўрнига келсак, менга қуйидагича баёнот беришга изн берсангиз: шубҳасиз, бокс Токио Олимпиадаси дастуридан ўрин олади. Шу билан бирга, Париж ва Лос-Анжелесдаги олимпия ўйинлари таркибида ҳам бўлади. Ушбу мусобақаларда бокс олимпия таснифидаги бошқа ҳар қандай спорт турлари билан тенг мавқеда бўлади. Ва бунинг сизлар амалга оширадиган AIBA президенти танлови билан ҳеч қандай боғлиқлик жойи йўқ. Агар мабодо AIBA ва ХОҚ ўртасида ташкилотимиз раҳбарияти масаласида, хусусан мен билан боғлиқ вақтинчалик муаммолар келиб чиқса, биз буни қандай ҳал этишни биламиз. Бокс ва Олимпиада бир-бирига чамбарчас боғлиқ.

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Иккинчи масала – AIBAнинг келажаги ҳақиқатан ҳам анча мураккаб. Чунки ўтган бир неча йиллар давомида нотўғри йўлга қўйилган бошқарув тизими оқибатларини ҳамон бартараф этишга мажбур бўлмоқдамиз. Барчамиз сўнгги ойлар давомида ассоциациямиз ва спортнинг бу турини сақлаб қолиш учун Ижроия Қўмитаси ва янги директоримиз билан биргаликда кеча-ю кундуз меҳнат қилдик. Ва биз буни уддалай олганимизни таъкидлашдан мамнунман ва бундан фахрланаман.