«Kun.uz» таҳририятига Хоразм вилояти, Хонқа туманида истиқомат қилувчи ҳамюртларимиздан мурожаат тушди. Унда Марказий Деҳқон бозори абгор аҳволда экани, сотувчи ва харидорлар учун шароит йўқлиги, натижада бу барчага ноқулайликлар келтириб чиқараётгани ёзилган эди. Вазиятни ўрганиш учун Хонқа тумани марказидаги деҳқон бозорига бордик.

Хонқа деҳқон бозори туман марказида жойлашган бўлиб, 470та ўринга мўлжалланган. «Хонқа деҳқон бозори» МЧЖ раҳбари ўринбосари Давлатбой Юсуповнинг маълумотига кўра, бозор асосан якшанба куни фаолият кўрсатади.

Бозорга кираверишда, дарвоза олдидаги жойни дурадгорлар ва мебелсозлар эгаллаб олган. Улар мебель, ойна ва эшикларини нафақат пиёдалар йўлагида, балки майса экилган жойда ҳам сотмоқда.

Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарорига асосан тартибга солинади. Унинг 13-бандида бозор ҳудудида объектларни жойлаштиришнинг тасдиқланган схемасидан ташқари қўшимча савдо ўринларини ташкил этиш тақиқланиши кўрсатилган.

Бозор 470 сотувчи учун мўлжалланган. Унинг баъзи расталари бўшлигини кўриш мумкин.

Ем-хашак ва дон сотувчилар ҳамма нарсасини ерга тўшаб, исталган жойда савдо қилишмоқда. 253-сонли қарорнинг 25-бандида бозор маъмурияти сотувчиларни қатъий ажратилган савдо ўринлари бўйича жойлаштириши шартлиги белгиланган.

Расталарда жой бўлса-да, дон ва дуккакли дон маҳсулотларини сотувчилар ерда ўтирган ҳолда савдо билан машғул. Бу ҳам юқоридаги қарорнинг 25-бандига зид.

Бозор ҳудудида расталар мавжуд бўлишига қарамай, товарлар ерга қўйилган ҳолда сотилмоқда.

Деҳқон бозори ҳудудида баъзи шарт-шароитлар бор. Аммо орқа томони жуда ҳам абгор аҳволда. У ерда деҳқонлар бозор ҳудудига кирмасдан, ерда ўтирган ҳолда савдо қилишмоқда. 253-сонли қарорнинг 23-бандида сотувчилар фақат бозор маъмурияти томонидан белгиланган жойлардагина савдо қилишга мажбурлиги кўрсатилган.