Kun.uz таҳририятига ҳар куни турли-туман мурожаатлар келиб тушади. Бири электрон тарзда, бири қўнғироқ орқали ёки қабулхонага келган фуқаролардан тўғридан-тўғри бўлади. Сайт вакиллари бу мурожаатлар изидан халқ дарди билан ҳамнафас бўлишда давом этмоқда.

Навбатдаги мурожаат ҳам шундай, сайт офисига келган фуқаролардан бири, фермер Сайфуддин ака эди. Унинг мурожаати кишини ҳайрон қилдиргулик эмасди. Бугунги кунда бундай эътирозлар туфайли кўплаб фермер ва тадбиркорлар эшик қоқиб келишмоқда. Эътирозлар учун сабаб ҳокимиятлар органларидаги ҳужжат ишларидаги чалкашликлар бўлмоқда.

Ушбу мақолада бир фермернинг 15 йиллик ҳасрати ҳикоя қилинади. Балки бу бир фермер эмас, кўплаб шундай меҳнаткашларнинг йиллар аро йиғилиб келган дард-у ташвишларидир.

«Кенжа бобо Эргашбек» (А) фермер хўжалиги иш бошқарувчисининг бизга тақдим этган ҳужжатларига кўра, ер майдони кўп маротаба «сарсон» бўлган. Яъни, бу ернинг узоқ ҳикояси бор. Қуйида ушбу тарих қисқача баён этилади:

2003 йил 4 ноябрдаги Х-1224/11-сонли қарор асосида фермерга 50 гектар лалми, 168,1 гектар яйлов, 0,6 гектар сув остидаги ерлар, 0,5 гектар йўл остидаги ерлар жами 222,2 гектар ер майдони 30 йилга ижара асосида ер ажратилади.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2009 йил 31 декабрдаги Х-471-д/12 – сонли қарори асосида ер участкаларини мақбуллаштириш мақсадида бошқа фермерга (Б) берилмоқда (журналистик сир туфайли номини айтишни лозим топмадик).

Қамаши тумани ҳокимининг 2010 йил 5 ноябрдаги Х-721/11 – сонли қарорига асосан ер А фермерга қайтариб берилган.

Орадан 1,5 ой ўтиб, ҳокимнинг 2010 йил 17 декабрдаги Х-1025/12 – сонли қарори билан яна Б. фермерга қайтарилади.

Шундан сўнг, туман прокурори томонидан Х-1025/12 – сонли қарорга нисбатан протест келтирилган. Протест мазмуни бўйича қарор ноқонуний қабул қилинган.