«Қизғалдоқ» можароси: «МЮ»дан кетишга тайёр Матич, ўжар Макклейн ва «Георгий ленталари» ҳақида
Англия Премьер Лигасининг 11-тур ўйинларида футболчилар қизғалдоқ рамзи туширилган либосда ҳаракат қилганликларига эътибор берган бўлсангиз керак.
«Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Неманья Матичнинг ушбу рамздан бош тортгани ва бунинг сабабини ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасида баён қилгани футбол жамоатчилигининг асосий мавзулардан бирига айланди. Бу ҳаракатнинг нафақат футбол чегарасида экани, балки сиёсий, ижтимоий аҳамияти ҳам турли мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Матич учрашув олдидан ушбу рамзнинг нима маънода келиши ҳақида қизиқиб кўрди. Бунинг британиялик аскарлар, жумладан, НАТО операцияларини бажаришда ҳалок бўлганларнинг ҳам хотирасига бағишланган бир рамз эканини билгач, футболчи қизғалдоқни либосига тақишдан бош тортди.
Неманьянинг бошқалардан ажраб турганини медиа сезиб қолгач эса, Инстаграмда бу борада ўз позициясини маълум қилди.
«Мен ушбу рамзни тақиб юрган инсонларнинг нега бундай қилаётганликларини тўлиқ тушунаман ва уларнинг бу қарорларини ҳурмат қиламан. Турли урушларда ўз яқинларини йўқотган инсонларнинг ҳар бири билан ҳамдардман.
Аммо шахсан мен учун буларнинг барчаси — Врело қишлоғидаги 12 ёшли нигоҳлари қўрқувга тўла болакайнинг хотираларини ёдга солади. 1999 йилда менинг юртимни бомбалашди. Шундай бўлса ҳам, шу пайтгача мен бу рамзни тақиб юргандим, аммо энди бундай қилишни истамайман.
Бу рамзнинг Британия учун нақадар аҳамиятли эканини қабул қиламан, лекин биз ҳаммамиз, маълум бир тарбия ва ўтмиш маҳсулимиз ва бу менинг қарорим. Сабабларини юқорида тушунтириб ўтдим.
Умид қиламанки, мени бундай қарорга келишимга нима мажбур қилганини билдингиз ва сизлар ҳам мени тушуна оласизлар. Мен эса, ўз диққатимни кейинги ўйинларга, жамоамга ёрдам бериш учун жамлайман», — деб ёзди 31 ёшли яримҳимоячи.
У талаб этилса, «Манчестер Юнайтед»дан кетишга ҳам тайёрлигини қўшимча қилган.
Аслида, бу борадаги зиддиятлар фақат Матич билан бошланмагани, ҳатто ФИФА ҳам ўз вақтида бу рамз туфайли зиддият келтириб чиқаргани ҳақида кўпчилик билмаса керак. Хўш, қизғалдоқ рамзи нимани англатади ўзи?
«Қизғалдоқ» тарихи
Буюк Британия, Канада, Янги Зеландия ва Австралияда қизғалдоқ Биринчи Жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини ифода қилади. Уруш майдонларида ҳам ўсадиган ягона гул бўлган қизғалдоқ ҳақида XIX асрда ҳам кўп айтишарди, аммо 1915 йилдаги бир воқеадан сўнг ушбу гулнинг аҳамияти янада катталашди. Жон Маккрей исмли канадалик жарроҳ фронтда вафот этган шеригини Бельгиянинг қизғалдоқзорларидан бирига дафн этади ва бу ҳақида жуда таъсирли шеър ёзади.
Ойлар ўтиб, Маккрей шеърини Лондондаги «Punch» журналига юборади. «Фландрия далаларида» деб номланган ушбу шеър жуда машҳур бўлиб кетиб, биринчи жаҳон урушининг ўзига хос шиорларидан бирига айланиб кетади. Урушдан сўнг эса, қизғалдоқ расмини кўксига тақиб юриш орқали, ҳалок бўлганларга ҳурмат бажо эта бошладилар, 1920 йилдан бошлаб, ипакдан тўқилган қизғалдоқ рамзи Британияда ҳам урушда вафот этганлар хотирасини ифодалай бошлади.
Британиянинг барча клублари ва терма жамоалари ҳар йили 11 ноябрга яқин бўлиб ўтадиган ўйинларда Хотира кунини нишонлайдилар, учрашувлар бир дақиқалик сукут билан бошланади, стадионларга уруш фахрийлари таклиф этилади, футболкаларда қизғалдоқлар рамзи акс эттирилади ва табиийки, пул хайрия қиладилар. АПЛ 2012 йилдан бери Британия Қироллиги легионини қувватлаб келади ва шу пайтгача 1,5 миллиард фунт-стерлингга яқин пул ўтказиб берган.
ФИФА охири «мағлуб бўлди»
2016 йилда ушбу рамзлар билан боғлиқ жанжал ҳам бўлиб ўтди. ФИФА Британиядаги барча терма жамоаларга гул тақилган либосда ўйнашни тақиқлади. ФИФА амалдорларининг айтишича, қизғалдоқ — ўз навбатида сиёсий белги ҳам, ва ташкилот қоидаларига кўра, бундай тарздаги рамзлар либосларда акс этмаслиги керак.
Бундай тақиқ 2011 йилда ҳам кузатилган ва ўшанда Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон вазиятга аралашишга мажбур бўлганди.
«Бу жуда ғалати қарор. Эркинлигимиз учун ўзларини қурбон қилган инсонларни хотирлаб рамз тақишга сиёсий тус бериш — абсурд. Қизғалдоқ рамзи — миллий ғурур, ҳурмат белгиси», – деган эди ўшанда Кэмерон. Кейинчалик, шаҳзода Уильямнинг хатидан сўнг ФИФА ушбу тақиқни олиб ташлашга мажбур бўлганди.
Икки йил олдинги зиддият ўйинлар бошлангунча давом этди ва футболчилар тақиққа қарамасдан рамз туширилган футболкаларда майдонга тушишди. Жавобан ФИФА Футбол ассоциацияларига жарималар белгилади. Инглизлар 44 минг доллар, Шотландия ва Уэльс 20 мингдан, Шимолий Ирландия эса, 15 минг доллар жаримага тортилди.
2017 йилда вазият сал юмшади, ФИФА билан ўн ойга яқин музокаралар олиб борган инглизлар регламентга ўзгартириш киритишга эришдилар: энди либосларда кичик кўринишда бу рамз акс этиши мумкин, аммо рақиб жамоаси ва унинг мухлисларининг розиликлари ҳам инобатга олиниши шарт.
Жеймс Макклейн
Жеймс Макклейн, ирландиялик ярим ҳимоячи, «Сандерленд», кейинчалик, «Вест Бромвич» жамоаси вингери, 2011 йилдан буён қизғалдоққа қарши эканини билдириб келади ва намойишкорона тарзда ушбу рамзни тақишдан бош тортади. Ҳар йилнинг ноябрига келганда Макклейннинг бу қарори ҳатто ўз клуби мухлислари томонидан ҳам жуда эътирозлар билан қабул қилиниб келади.
Макклейн Дерри шаҳрида туғилган. 1972 йилда у ерда қонли якшанба бўлганини, британиялик ҳарбийлар Шимолий Ирландиянинг фуқаролик ҳуқуқлари бўйича митингга чиққан тинч аҳолини ўққа тутганликларини, оқибатда 13 киши вафот этганини у ҳам эшитган, албатта. 2010 йилда Дэвид Камерон ўша воқеа учун бутун мамлакат номидан узр сўради, аммо Макклейн бу узрларни «қабул қилмади».
«Мен ҳар иккинчи жаҳон уруши даврида ўз ватани учун жон берган аскарларни ҳурмат қиламан, — деб изоҳ берди Макклейн. — Мен учун уларнинг хотираси қадрли ва агар қизғалдоқ фақат ана ўша аскарларнинг хотирасини ифода этганида, керак бўлса, ҳар куни уни тақиб юрардим. Аммо бу рамз 1945 йилдан кейин ҳам Британия армиясида хизмат қилганларни ҳам ўз ичига олар экан, мен учун муаммо бошланади. 1972 йилдаги қонли якшанба ҳақида эшитган Ирландия шимолидаги инсонлар учун бу бутунлай бошқа нарса. Мен учун бу рамзни тақиш гўёки ўша оқшом вафот этган бегуноҳ инсонларга нисбатан беҳурматлик ҳисобланади. Ҳамма буни тушунишини истайман. Мен эркак кишиман ва менинг тарбиям эътиқодимдан четга чиқишимга йўл бермайди».
Ҳозирда «Сток Сити» сафида ҳаракат қилаётган Жеймс Макклейн бу сафар ҳам «қизғалдоқ»дан воз кечди. Буни билиб қолган фанатлар ўйин давомида футболчига нисбатан турли ҳақоратлар ёғдиришди. Чидай олмаган футболчи Инстаграмида баъзи мухлисларни тарбиясиз ғор одамларига тенглаштирди. Ҳозирда ФА Маклейннинг бу билан бирор қоидани бузган ёки бузмаганлигини текширмоқда.
«Етти йилдан бери ҳар куни менга таҳдид қиладилар, ўлим билан қўрқитадилар. Бу гапларни оилам ва болаларим эшитишга мажбур бўладилар, аммо ўша паллаларда ҳамма сўқир бўлиб қолади ва ҳеч ким мени ҳимоя қилишга ошиқмайди», — деб ФА томонга тош отиб қўйди Жеймс Маклейн.
Бизга нима?
Бу мавзуга кенгроқ тўхталганимизнинг яна бир сабаби, эътибор берган бўлсангиз, бу рамз қайсидир маънода ҳамюртларимизга таниш бўлган «Георгий ленталари»ни ҳам эслатиб юборади. Худди «қизғалдоқ» сингари, «георгий ленталари» ҳам урушда ҳалок бўлганларнинг хотирасини ифодалайди ва ленталар ҳақида ҳам турлича қарашлар мавжуд.
Баъзилар учун бу ленталарда иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимизнинг, ота-боболаримизнинг ёрқин хотираси акс этса, бошқа тарафдан, худди Маклейннинг фикри каби, бу лентанинг ҳам маъноси фақат II жаҳон уруши даври билан чекланмаган. Унинг тарихи то Рус Империяси давридаги гвардия аскарларига бориб тақалади. Бу томондан ўз пайтида юртимизда босқинчилик қилган империянинг рамзлари сифатида бу ленталарга салбий ёндашиш мантиқан тўғрига ўхшайди.
Биз ҳам худди Неманья Матич сингари, «мен ўз ватанимга ҳурматим юзасидан бу рамзни тақмайман, аммо кимдир тақса, унинг ҳам қарорини ҳам қабул қиламан», дейишимиз ҳам мумкиндек, энг тўғри йўл ҳам шу балким. Аммо бу ерда яна бир жиҳатга эътибор қаратишингизни истардим: Матич бу сўзларни Сербияда туриб, у ердаги юртдошларига эмас, Британияда, инглизларга қарата айтмоқда, назаримда. Яъни, «бу сизнинг қадриятингиз, менга эса, узр» деган маънода...
Биз қаердамиз?
Қаҳрамон Асланов тайёрлади
Мавзуга оид
10:44 / 17.11.2024
Миллатлар лигасида форс-мажор. Венгрия мураббийи ҳушини йўқотди, Руминия ва Косово ўйинида сиёсий можаро
11:30 / 02.11.2024
Сербияда темирйўл вокзалида том қулаши оқибатида 14 киши ҳалок бўлди
09:10 / 26.10.2024
Еврокомиссия раҳбари Сербия бош вазири билан учрашувни бекор қилди
09:10 / 18.10.2024