Сербия Меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий масалалар вазири Милица Журжевич Стаменковски Ўзбекистон билан меҳнат мобиллиги ва меҳнат миграцияси соҳасида имзоланган келишувни «тарихий битим» деб атади.

Вазирнинг таъкидлашича, Сербия шу пайтга қадар бошқа бирор давлат билан бундай келишув имзоламаган. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг бу йўналишда биринчи ҳамкорга айлангани икки мамлакат ўртасида стратегик ҳамкорликни ривожлантириш ниятидан далолат беради.

Келишув Сербияга ишлаш учун борадиган Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини тизимли равишда кафолатлашни назарда тутади.

Милица Журжевич Стаменковскининг билдиришича, келишув доирасида Сербияда меҳнат қиладиган Ўзбекистон фуқаролари маҳаллий ишчилар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади.

Бу меҳнат миграциясини тартибли ва ҳуқуқий механизмлар асосида ташкил этиш, ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда Сербия иш берувчиларининг кадрларга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Сербияда энг кам иш ҳақи 600 еврога етади

Вазир Сербия меҳнат бозоридаги иш ҳақи миқдори ҳақида ҳам маълумот берган. Унинг сўзларига кўра, 2027 йил бошидан мамлакатда энг кам ойлик иш ҳақи 600 еврони ташкил этиши, йил якунига қадар эса 650 еврога етиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, яқин йилларда Сербияда ишчи кучига бўлган талаб янада ошиши прогноз қилинмоқда.

Бунга мамлакатнинг Expo кўргазмасига мезбонлик қилиши ҳам сабаблардан бири сифатида кўрсатилган. Йирик халқаро тадбирга тайёргарлик ва уни ўтказиш билан боғлиқ лойиҳалар доирасида Сербияда малакали ва меҳнаткаш кадрларга эҳтиёж ортиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Миграция агентлиги сербиялик иш берувчилар билан музокара олиб бормоқда

Келишувни амалий босқичга ўтказиш бўйича ҳам ишлар бошланган.

Хусусан, Ўзбекистон Миграция агентлиги Сербияда ишчи кучига эҳтиёжи мавжуд корхоналар билан тўғридан тўғри музокаралар олиб бормоқда.

Бу орқали ўзбекистонликларни Сербиядаги бўш иш ўринларига уюшган ва қонуний тартибда жалб қилиш механизмларини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Сербия меҳнат вазирининг таъкидлашича, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Сербия билан меҳнат мобиллиги ва меҳнат миграцияси бўйича бундай келишув имзолаган биринчи ва ягона давлат ҳисобланади.