* Биз матбуот дўконларида ижтимоий-сиёсий нашрларнинг бўлмаслигига ўрганиб қолдик...

* Бозорларда, гавжум жойларда бундай нашрларни ерга ёйиб сотишаётганига кўникмадик, учратмадик...

* Автобусларда, автотураргоҳларда ёш болаларнинг шов-шувли, жиддий мақолалар ҳақида бонг ургани ҳақида эшитмадик...

* ТВда расмий нашрларнинг рекламаси, шарҳи берилмади...

Бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Чунки муассиси бўлган нашрлар «кўчада» қолмасди... 

Расмий-сиёсий нашрлар «индамайгина», «ими-жимида» ташкилотларга кириб борди. Давлат ташкилотиман, деган борки, йилнинг сўнгги чорагида обуна муаммосига дуч келди. Газетага муаммо, деб қаралди. Бунинг кўплаб асосли омиллари бор, албатта.

«Жиддий» газеталар ўта жиддийлашиб кетди. Кам эшитадиган, кўп гапирадиган бўлиб қолди. Орол қуриб борди, нашрлар саҳифаларини сув босди... Катта ёзувчи айтганидек, мазмун деган нарса бир пақир сувнинг устида сузиб юрган ёғга ўхшаб қолди. Нашрларимиз кўпинча жиддий ташкилотларнинг ҳисоботи, меъдага тегадиган тадбирлари билан тўйинди. Ходимлар қарға «қағ» этганда босиладиган танқидий, таҳлилий материаллар билан газетхонни ушлаб туришига ишонди. Журналист муаммони излаб борганидан кўра, муаммо журналистни излаб келган ҳолатлар кўп бўлди. Бундай мурожаатларга жавобан ҳафсала қилган таҳририятлар бўлди. Муаммони бориб ўрганди, ечим топди.

Ва бу ҳаракатлар бизни ҳаракатсизликка ўргатиб қўйди.

Бу уринишлар билан газета қилиб бўлмас экан. Бундай газеталарни одамлар ўз истаги билан ўқимас экан. Матбуот дўконидан изламас экан. 

Натижа эса бугун кўпчилигимизга маълум. 

УЙҚУ УЙFОТДИ...

Расмий босма нашрларнинг узоқ уйқуси интернетни уйғотиб юборди. Биз кеча тан олмаганимиз, тасаввур қилолмаганимиз учун бугун уялиб қоляпмиз. Техника – бу техника, тараққиёт – бу тараққиёт!

Инсоният йўқолиб кетган турлар ҳақида гапирганда, одатда динозаврлар ва мамонт­ларни эсга олади. Чунки улар ҳажман катта. Шу сабаб, бизга қизиқ туюлади. Ва уларни ўзимизча «соғиниб» ҳам қўямиз. Кино ва мультфильмларда, бадиий асарларда гавдалантирамиз. Инсониятни шафқатсизликда, табиат кушандаси сифатида айблаймиз. Бугунги кунда йўқолиб бораётган турлар фожиасидаям инсонни айблаймиз.