Иқтисодиёт | 16:25 / 09.11.2018
9870
4 дақиқада ўқилади

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга икки йил доимий маслаҳат беради - Жамшид Қўчқоров 

Халқаро валюта жамғармаси 2019-2020 йилларда Ўзбекистонга ислоҳотларни амалга ошириш бўйича доимий маслаҳатлар беради. Солиқ кодексига эса, мамлакатдаги солиқларнинг ҳар бири турини изоҳлаб берувчи матнлар киритилади. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоров KUN.UZ мухбирининг саволига жавоб берар экан, шу ҳақда маълум қилди. 

“Жорий иқтисодий вазият ва 2019 йилги асосий иқтисодий вазифалар” мавзусида ташкил этилган кўрсатувда иштирок этган KUN.UZ мухбири спикерларга бир неча савол билан мурожаат қилди. Уларга Бош вазир ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоров қуйидагича жавоб берди. 

Савол: Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб этишни фаоллаштириш хусусида гап борганда, хусусий мулкни қанчалик ҳимоя қилинишига эътибор қаратилади. Бироқ, айрим ҳолларда, хусусий мулк, жумладан тадбиркорларга қарашли мол-мулкни судсиз, алоҳида бир топшириқлар билан бузиш ҳолатлари ёки уларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳолатлари учраб турибди. Савол шундан иборатки, Ўзбекистонда хусусий мулкни етарли даражада қандай ҳимоя қилиш мумкин?

Жамшид Қўчқоров: Сармоядорларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш борасида қатор ҳужжатлар қабул қилинган. Ҳақиқатан ҳам бу масалада камчиликлар бор эди. Яъни, улар ўша жойда қурилиш ишларини олиб бориш бўйича мол-мулкларни давлат ва жамоат эҳтиёжларига олиш ҳолатлари кузатилаётган эди. Мен бу масаланинг иқтисодий жиҳатини айтиб ўтаман. Мана яқинда махсус қарор имзоланди. Эндиликда, бирор бир хусусий ёки шахсий мулкка ҳар қандай кўринишда зарар етказиладиган бўлса, ёхуд давлат ва жамоат эҳтиёжларига олинадиган бўлса, даставвал етказилган зарарни тўлаб беришимиз керак. 

Умуман, хусусий мулкни ҳимоя қилиш масаласи доим долзарб бўлиб келган. Кўплаб давлатларда ҳам бу долзарб масала. Республика раҳбариятининг эса, бу борадаги – позицияси қатъий: ҳуқуқий мулкдорни ҳимоя қилиш, унинг манфаатларини қўллаб-қувватлашдир. 

Савол: Солиқ ислоҳотлари давом эттириладими? Қўшимча қиймат солиғи 20 фоиз сифатида белгиланган. Келгусида бу миқдор камайтириладими? 

Жамшид Қўчқоров: Қўшимча қиймат солиқ миқдорини кейинги йилгача 20 фоиз миқдорида сақлаб қолдик. БУ солиқни ўзгартириш бўйича муҳокамалар қилинаётгани йўқ. Энди умуман солиқ ислоҳотлари ҳақида қисқача фикрларимни билдирмоқчиман. 

Бошланаётган солиқ ислоҳотлари 2-3 йилга мўлжалланган жараён. Солиқ тизимимиз умуман бошқача, тубдан бошқача бўлиши керак. Солиқ тизими одамларнинг ёки корхоналарнинг  пулини мажбуран териб оладиган эмас, балки уларга хизмат қиладиган ташкилотга айланиши керак. Таъбир жоиз бўлса, у ерда барча ходимларни бутунлай алмаштириб қўйгандек таассурот уйғотиши керак. 

Бу жараённинг узоқлиги шундан иборатки, ҳар бир солиқ тури бўйича Солиқ кодексида қисмлар бўлади. Кейинги йилдан Халқаро валюта жамғармаси икки йил мобайнида Ўзбекистонга доимий консультация беради. Жаҳон банки ҳам бу борада Ўзбекистонга катта ёрдам бермоқда. Умуман олганда, мен фурсатдан фойдаланиб, Солиқ концепциясини ишлаб чиқишда яқиндан ёрдам бераётган Халқаро валюта жамғармаси ҳамда Жаҳон банки мутахассисларига миннатдорчилик билдираман. 

Бир сўз билан айтганда, бу борада Президент томонидан солиққа тортиш борасида ҳал қилувчи қарор қабул қилинди, яъни номақбул бўлганлари бекор қилинди, айрим ставкалар пасайтирилди. Энди уларнинг ҳар бирининг методикаси, методологияси бўлиши керак. Шу боисдан ҳам бу ислоҳот камида 3 йилга мўлжалланган оғир меҳнатни англатади. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид