Жаҳон | 10:29 / 10.11.2018
9099
2 дақиқада ўқилади

Hong Kong 100 минг дарахтни алмаштиради      

Фото: CNN

Даҳшатли Mangkhut тўфони Сянган ороли узра ўз ҳукмини ўтказганига икки ой бўлганига қарамай, дарахтлар ва уларнинг шох-шаббаси Hong Kong кўчаларида қалашиб ётибди. Mangkhut тўфони шаҳар тараққиёт рекордларини ўрнатишни бошлагандан бери кузатилган энг кучли табиий офат бўлди. Албатта, офат инсон умрига зомин бўлмаган бўлса-да, айрим ҳисоб-китобларга қараганда, 1 млрд доллар миқдорида иқтисодий талофат етказган. 

Фото: CNN

Бироқ энг катта талофат шаҳар кўркига кўрк қўшиб турган наботот оламига етган. Hong Kong маъмуриятига кўра, тўфон вақтида 54 минг дарахт бутунлай яроқсиз аҳволга келиб қолган. Аммо, экспертларнинг фикрича, бу рақам икки баравар кўпдир. 

Hong Kong Таълим университети профессори Jim Chi-yung фикрича, шаҳарда 100 мингдан ортиқ дарахт табиий офат оқибатида қулаган. Унга кўра, «шаҳардаги йирик дарахтларнинг ярмидан кўпи йўқотилган». Ахир, Hong Kong ўзининг чангалзорларини сақлаб қолган замонавий шаҳарлиги билан машҳур эди. Маълумки, Оролнинг атиги 25 фоизи ўзлаштирилган, холос. 

Фото: CNN

Hong Kong маъмурияти йиқилган дарахтларни собиқ Kai Tak аэропорти ҳудудида тўпламоқда. Бугунги кунгача 8000 юк машинасида дарахтлар келтирилган. Уларнинг қайта ишлашга яроқли қисми ажратиб олинади. 

Эндиликда, Hong Kong шаҳрини ривожлантириш бюросига йиқилган дарахтлар ўрнига янгиларини экиш бўйича вазифа юклатилди. Қайд этилишича, янги экиладиган дарахтлар навлари ва тури ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда танланади. Бу эса, турли жойларда турлича дарахтларни учратиш имкони беради. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид