Ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идоралар ходимлари Марғилонда "ҳотамтойлик" борасида кўз кўриб қу­лоқ эшитмаган усул "кашф" этилганини аниқладилар.  

Гап Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жам­ғармаси Марғилон шаҳар бўлими бошлиғи А.Раҳмонов, аввал бўлим бошлиғи ўринбосари ва кейинчалик бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган Н.Мирзаев, пенсия ва нафақалар тайинлаш гуруҳи раҳбари Ф.Мадалиев, гуруҳ мутахассиси Э.Якубов, пенсия ва нафақаларни тўлаш устидан мониторинг гуруҳи бош мутахассиси О.Абдураҳмонов, мониторинг гуруҳи мутахассислари Б.Суяров, М.Каримов, Ю.Ваҳобов, ҳисобчи ёрдамчиси С.Нуриддинов, бў­лим иш юритувчиси Б.Усмонов, электрон ҳисоблаш машиналари муҳандиси Б.Мирзааҳмедов, "Агробанк"нинг Марғилон филиали пластик карталар билан таъминлаш бўлими мутахассиси М.Олимов, "Халқ банки"нинг Мар­ғилон филиали плас­тик карталар билан ишлаш бўлими мутахассиси О.Раҳмонов, "Миллийбанк"нинг Марғилон филиали пластик карталар билан ишлаш бўлими мутахассиси А.Ҳакимов, шаҳар 6-алоқа бўлими бошлиғи Ш. Қодиров ва 1-алоқа бўлими хабарчиси Н.Холматовдан иборат жиноий гуруҳнинг қилмишлари ҳақида бормоқда.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси қа­рори билан тасдиқланган "Давлат пенсияларини та­йинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 171-банди 1-хатбошисига мувофиқ, пенсионер вафот этганда пенсия тўлаш тўхтатилади.

Мазкур уюшган жиноий гу­руҳ аъзолари эса, 2012 йил 1 майдан 2016 йил 1 сентябргача бўлган турли муддатларда "Пенсия ПК" электрон дас­турига сох­та маълумотларни киритиб, шу асосида тўлов ҳужжатларини тузган.

Сўнг­ра муқаддам вафот этган 220 нафар шахсга банк пластик карталари ва алоқа бўлимлари орқали 2 мил­лиард 182 миллион 855 минг сўм миқдорида пенсия тўловини амалга оширган.

Бундан ташқари, жиноий гуруҳ аъ­золари яна "Пенсия ПК" электрон дастурига сохта маълумотларни киритиб ва тўлов ҳужжатларини тузиб, қайд этилган манзилда яшамайдиган ёки фамилияси, исми ва туғилган йиллари ўз­гартилган 142 нафар фуқарога 1 миллиард 674 миллион 350 минг сўм пенсия тўловини банк плас­тик карталари ва алоқа бўлимлари орқали амалга оширган. Тўғрироғи, мазкур маблағни ҳам ўзлаштиришган.

Улар яна ҳужжатларни сохталаштирган ҳолда, 2013 йилда Россия Федерация­сига доимий яшаш учун кўчиб кетган уч нафар фуқаро номига жами 24 215 900 сўм пенсия пулларини тўловга қаратиб, бу маблағларни шахсий манфаатлари йўлида ўзлаштиришган.  

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Улар ҳужжатларида хато ва камчиликлар борлиги боис пенсияси тўхтатилган 7 нафар фуқарога ҳам пенсия тўлашни давом эттирган. Натижада 83 миллион 75 минг сўм бюджет маблағи уларнинг ҳамёнларига келиб тушган.