Ўзбекистон | 18:46 / 10.11.2018
60065
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазирини орден билан мукофотлади

Бугун, 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг биринчи мудофаа вазири, истеъфодаги генерал-полковник Рустам Аҳмедов 75 ёшни қаршилади. Юбилей муносабати билан Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида тантанали маросим бўлиб ўтди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан йўлланган табрик мактубини Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, истеъфодаги генерал-полковник Рустам Аҳмедов Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатлар вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида эришган катта ютуқлари, Ўзбекистон халқининг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорлигини ривожлантирганлиги учун Ўзбекистон президентининг фармонига биноан «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тадбирда Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Рустам Аҳмедовга Мудофаа вазирлигининг эсдалик совғаларини топширди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тантанали маросимда МДҲга аъзо мамлакатлардан вакиллар иштирок этиб, юбилей эгасини қутлуғ 75 ёш билан муборакбод этдилар.

Ана шундай байрам тадбири Қуролли Кучлар давлат музейида ҳам ўтказилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Рустам Ўрманович Аҳмедов 1943 йилда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида туғилган. Қўқон шаҳридаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш ва электрификациялаш техникумини тамомлаган. 1962—1965 йиллар давомида Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртида таҳсил олган.

Хизмат фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси мудофаа ишлари бўйича вазир — миллий гвардия қўмондони (1991 йил), Ўзбекистон мудофаа вазири (1992—1997 йй.), Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири (1997—1998 йй.) лавозимларида хизмат қилган.

2018 йилнинг январь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига асосан, мудофаа вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланган ва ҳозирги кунда ушбу лавозимда фаолият кўрсатмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид