Ноябрь ойининг биринчи куни KUN.UZ сайтида Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидаги марказий футбол стадиони туман ҳокими қарорига асосан бузилаётгани ҳақида мақола эълон қилинган эди.

Таҳририят ижодий гуруҳи томонидан тайёрланган мақола ва видеолавҳада 1966 йилда халқ  томонидан ҳашар йўли билан қурилиб, 2013 йили Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағига қайта қурилган, Олимпия стандартларига тўлиқ жавоб берувчи аренани туман ҳокимининг “Давлат стандартларига тўғри келмагани сабабли стадионни қайта мослаштириш учун ишчи гуруҳи тузилсин” мазмунидаги қарорига асосан бузилаётгани таҳлил қилинган.

Видеолавҳада, шунингдек, мутасаддилар томонидан стадион билан биргаликда миллий мероси бўлган чинорлар, оталар чойхонаси ҳам бузилиб, туман деҳқон бозорининг реконструкция қилиш натижасида жойсиз қолган савдогарлар учун ер майдони сифатида берилаётгани ҳақида сўз юритилган эди.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (tas-ix)

Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг футбол спорт тури бўйича мураббийи Хайрулло Мирзажонов билан бўлган суҳбат давомида мураббий Олтиариқдаги футбол майдони бугун ҳаваскор ва профессионал спортчиларнинг севимли маскани, қатор юлдузларни кашф этган даргоҳ эканлиги, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мажмуасининг бир қисми бўлган майдонга туман мутасаддилари турли тадбирлардагина келиши, бошқа вақт эса бу майдон БЎСМ томонидан фойдаланишга яроқли ҳолда ушлаб турилишини ҳақида сўзлаганди.

Мақола эълон қилинганидан сўнг, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги KUN.UZ сайтига мазкур муаммо вазирлик томонидан ўрганиб чиқилиб, бартараф қилингани ҳақида маълумот берди.