Прокуратура хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметов ишини текширмоқда. 
 
Октябрь ойи охирида «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосари Давлатназар Рўзметов Қўшкўпир тумани маъмурий суди томонидан 7 суткалик маъмурий қамоқ жазосига маҳкум қилинганди. У қамоқдан чиққач, KUN.UZ мухбири билан интервьюда ўзининг қўлга олиниши тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилганди.

Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ушбу иш бўйича KUN.UZ'га қуйидагича маълумот берган. 
 
«Қўшкўпир тумани маъмурий судининг жорий йилнинг 29 октябрдаги қарорига кўра, «Хоразм ёшлари» газетаси мухбири, 1971 йилда туғилган Давлатназар Рўзметов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан айбли деб топилиб, 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 
 
Суд қарорида Д.Рўзметов 2018 йилнинг 25 октябрь куни, соат 21:30ларда Қўшкўпир тумани ҳокимлиги биносида пахта йиғим терими юзасидан бўлиб ўтаётган мажлисга спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда кириб келиб, ўзини «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосари сифатида таништириб, шахсий телефонига видеога олиб, «Ҳаммангни ёраман» деб, қўллари билан ҳар хил ҳаракатлар қилиб, мажлисда ҳақоратли сўзларни ишлатиб, шовқин-сурон қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиб, майда безорилик ҳаракатини содир қилгани ёзилган. 
 
Иш бўйича гувоҳ Д.Садуллаев (туман ҳокимининг ёшлар масаласи бўйича мутахассиси) 25.10.2018 йил соат 21:30ларда Қўшкўпир туман ҳокимлиги мажлислар зали олдида турганида, Д.Рўзметов маст ҳолда келганини, шу сабабли уни ичкарига киритмаслигини айтганлигини, шунга қарамасдан, Д.Рўзметов «Ҳаммангни ёраман» деб залга бостириб киргани ва шовқин солганини билдириб, кўрсатма берган. 
 
Гувоҳ С.Мадримов (туман ҳокимлиги ҳисобчиси) шу куни, соат 21:30ларда Қўшкўпир туман ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб турганида, Д.Рўзметов маст ҳолда кириб келиб, «Ҳаммангни ёраман» деб шовқин кўтариб, ўзининг телефонига видеога ола бошлаганлигини, Д.Рўзметовни олдиндан танимаслигини билдириб, кўрсатма берган.