Ҳар йили куз-қиш мавсуми яқинлашганида аҳоли ва ижтимоий-иқтисодий тармоқларда электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ муаммолар юзага келади.
Фарғона водийсида жойлашган Андижон, Наманган, Фарғона Ўзбекистоннинг аҳоли энг зич истиқомат қиладиган вилоятлари бўлиб, мазкур ҳудудлардан бу масала жуда долзарбдир.
KUN.UZ таҳририятига электр таъминотидаги камчиликлар бўйича келаётган мурожаатларнинг катта қисми ҳам уч вилоятга тегишли.
Хабарингиз бор, минтақада электр энергияси танқислигини бартараф этиш учун Наманган вилоятида Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси (Тўрақўрғон ИЭС) бунёд этилмоқда. Таҳририятга, аҳоли ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлардан келаётган мурожаатларда ҳам мазкур иншоотнинг қачон ишга тушиши ҳақида сўралади.
Биз Наманган вилоятида барпо этилаётган Тўрақўрғон ИЭСга сафар уюштириб, юқоридаги саволга жавоб изладик.
Иншоот ҳақида
2013 йилнинг 28 мартида давлатимиз томонидан қабул қилинган қарорга асосан лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган. Айни пайтда Тўрақўрғон туманининг кенг адирликларидаги 91 гектар майдонда маҳобатли иншоот қурилиши олиб борилмоқда.
Тўрақўрғон ИЭС рақамларда:
- Лойиҳанинг амалга ошириш муддати - 2013-2020 йиллар
- Лойиҳанинг умумий қиймати - 1 195,87 млн. АҚШ доллари
ИЭСдан кутилаётган техник-иқтисодий кўрсаткичлар:
- Электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати - йилига 6,7 млрд. кВт с
- Шартли ёқилғини меъёрий сарфи - 226,21 г/кВт с
- Табиий газ сарфи - йилига 1,3млрд м3
- ФИК(фойдали иш коофиценти) - 57.4 фоиз
“2016 йил 20 апрелда лойиҳани қуриш бўйича ўтказилган халқаро тендерда Япониянинг “Mitsubihi Corporation”, ”Mitsubishi Hitachi Power Systems” компаниялар консорциуми бош пудратчи сифатида ғолиб, деб топилган. 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, Туркиянинг “Сalik Enerji” ёрдамчи пудратчи компанияси ҳам муҳандис-техник мутахассислари билан қурилиш ишларида иштирок этмоқда. Мазкур компаниялар энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дунёда етакчилардан саналади.

































