Фото: Лайфхакер

«Ўн марта бой ва муваффақиятли бўлиш учун 10 марта кўпроқ ишлаш шарт эмас. Бор-йўғи бир фоиз қоидасини қўлланг», – дея маслаҳат беради машҳур блогер Жеймс Клир.

Жеймс Клир - америкалик блогер, тадбиркор ва спортчи. Хулқ-атвор, одатларни шакллантириш ва мукаммалликка интилиш психологияси ҳақида ёзади.

Кумулятив афзалликнинг кучи

Ёнма-ён ўсувчи икки дарахтни тасаввур қилинг. Улар ҳар куни бир-бири билан қуёш нури ва намлик учун рақобатлашади. Агар бир дарахт бошқасига қараганда тезроқ ўсса, кўпроқ қуёш ва ёмғир сувига эга бўлади. Келаси куни қўшимча қувват сабаб янада баландроқ ўсади. Вақт ўтиши билан иккинчи дарахтни тўсиб қўяди ва қуёш нури ва тупроқдаги тўйинтирувчи моддаларнинг кўпгина қисмини олишга муваффақ бўлади.

Бундай дарахт кўпроқ уруғ беради. Демак келаси авлодда бу турдаги дарахтлар кўпроқ бўлади. Бу жараён рақобатчиларидан бироз олдинлаб кетган дарахтлар ўрмонни эгаллагунича такрорланади.

Вақт ўтиши билан ортиб борадиган бироз афзаллик олимлар томонидан кумулятив афзаллик, деб аталади.

Ғолиб барига эга бўлади

Айнан шу жараён одамлар билан ҳам содир бўлади. Ўрмондаги дарахтлар каби биз ҳам кўпинча бир хил ресурслар учун рақобатлашамиз. Сиёсатчилар сайловчилар овози, ёзувчилар – бестселлер рўйхатидаги ўрин, спортчилар – олтин медаллар, компаниялар – истиқболдаги мижозлар, телеканаллар – эътибор ва вақтимиз учун рақобат қилади.

Юз фоизлик ютуққа эга бўлиш учун бор-йўғи бир фоизлик, бир сониялик, бир сўмлик афзалликка эга бўлиш лозим.

Чекланган ресурслар, масалан, вақт ва пул билан боғлиқ ҳар қандай қарорлар, табиий равишда ғолиб барига эга бўладиган вазиятга олиб келади.

Ғолиб катта қисмга эга бўлади

Индивидуал мусобақаларга хос «Ғолиб барига эга бўлади» эффекти ҳаётнинг қолган соҳаларида кўпинча «Ғолиб катта қисмга эга бўлади» эффекти пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Омадли вазиятга тушган (олтин медаль ютиб олган, директорлик курсисига эга бўлган) ғолиб яна ва яна ғолиб бўлиш имконини берувчи кумулятив афзалликларни тўплаб боради. Дастлаб фарқи бирозгина туюлган нарса эндиликда 20/80 қоидасига айланади.