Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилоятининг Андижон шаҳрини комплекс ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, республика ишчи гуруҳи томонидан маҳаллаларни уйма-уй айланиб чиқиш, ижтимоий соҳа объектларига ташриф буюриш орқали Андижон вилояти Андижон шаҳрида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар комплекс ўрганиб чиқилган;
Андижон вилояти Андижон шаҳрида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ўрганиш якунлари бўйича маҳалла, шаҳар ва вилоят даражаларида ҳал этилиши талаб қилинадиган тизимли муаммолар ва камчиликларни бартараф этишга йўналтирилган “йўл хариталари” ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
2018-2019 йилларда Андижон шаҳрида кафолатли иш ўринлари ташкил этиш ҳамда саноат, хизматлар соҳаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
2019 йилда Андижон шаҳрида туризмни янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси тасдиқланиши мумкин.
Андижон вилояти ҳокимлиги:
манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда тасдиқланган манзилли рўйхат параметрлари сўзсиз бажарилишини таъминласин ва бунда инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, ишлаб чиқаришнинг мўлжалланган ҳажмлари ўзлаштирилишини ва янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутади;
муаммоли масалаларни кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва зарур амалий чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда, лойиҳалар бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб боради.
Андижон вилояти ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва хизмат кўрсатувчи тижорат банклари билан келишган ҳолда лойиҳанинг қийматини ва иш ўринлари сонини сақлаб қолиш шарти билан лойиҳаларнинг тасдиқланган манзилли рўйхатига, заруратга кўра, ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.
Андижон вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмасининг Андижон шаҳар “Жоме” меъморий мажмуасининг бўш биносида “Ҳунарманд” уюшмасининг Андижон вилояти бошқармаси ҳузуридаги Миллий қўғирчоқлар галереясини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

















