Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрининг «Қумбуз овул» маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилган кўп қаватли уйлар, уйларнинг биринчи қаватида жойлашган нодавлат мактабгача таълим муассасаси ва оилавий поликлиника билан танишди.

«Президент Қорақалпоғистон Республикасига аввалги ташрифи чоғида Нукус шаҳрида ижтимоий объектлар, уй-жойлар қурилиши лойиҳалари билан танишиб, Корея тажрибаси асосида болалар боғчаси, оилавий поликлиникани кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида жойлаштириш бўйича тавсиялар берган эди. Шу асосда шаҳарнинг Абдамбетов кўчасида ана шундай лойиҳадаги 5 қаватли 10та арзон уй қурилди. Ушбу уйлардан иккитасининг биринчи қаватида «Навше» нодавлат мактабгача таълим муассасаси ва оилавий поликлиника ташкил этилди», дейилади ЎзА хабарида. 

16-уйнинг биринчи қаватида давлат-хусусий шериклик асосида бунёд этилган 50 ўринли «Навше» нодавлат мактабгача таълим муассасасида шу ерда яшовчи аҳоли фарзандлари тарбияланади. Боғча эрталаб соат 8.00дан 18.30гача ишлайди. Бу ота-оналарга катта қулайлик яратади.

Муассаса болалар онгини ўстиришга кўмаклашувчи турли ўйинчоқлар, методик қўлланмалар билан таъминланган. Инглиз тили, рус тили, шахмат-шашка тўгараклари ташкил этилган. Боғча ишга тушгач, 10 киши иш билан таъминланди. 

Президент мактабгача таълим муассасасидаги шароитларни кўздан кечирган. Боғчаларнинг кўп қаватли уйнинг шундоқ ўзида жойлашгани одамларга фарзанди кўз олдида, хавфсиз бўлишини, бундан мақсад аввало аҳолига қулайлик яратиш эканини алоҳида таъкидлаган.

Президент шаҳардаги 8-оилавий поликлиникага ҳам борди.

Бу поликлиника аввал Нукус шаҳрининг 26-кичик туманидаги мослаштирилмаган бинода жойлашган бўлиб, шароити оғир, тиббий хизмат кўрсатиш учун етарли имконият йўқ эди. Аҳолига тор соҳа мутахассисларига кўриниш учун кўп тармоқли поликлиникаларга боришга мажбур эди. 

10-уйнинг биринчи қаватида барпо этилган поликлиника ҳудуддаги 8та маҳалланинг 46 мингдан ортиқ аҳолисига хизмат кўрсатади. 250 қатновга мўлжалланган муассасада сифатли тиббий хизмат учун барча шароит яратилган, рақамли рентген аппарати, УТТ, ЭКГ, биокимё анализатори каби зарур тиббий анжомлар билан жиҳозланган.