Спорт | 09:36 / 19.11.2018
7680
2 дақиқада ўқилади

Александр Зверев ATP’нинг якунловчи мусобақаси финалида Жоковични мағлуб этди

Фото: Julian Finney/Getty Images

Германиялик теннисчи Александр Зверев ATP’нинг якунловчи мусобақаси финалида дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси Новак Жоковични мағлуб этиб, мусобақа ғолибига айланди.

Лондонда ўтган мусобақанинг финал баҳси 1 соат 21 дадқиқа давом этиб, 6:4, 6:3 ҳисобида якунланган.

Эътиборлиси, иккала теннисчи мусобақанинг гуруҳ босқичида учрашишганди ва ўшанда ғалабани сербиялик нишонлаганди.

Фото: Associated Press

Зверевнинг ушбу ғалабаси ATP’нинг якунловчи мусобақасида Германия вакиллари учун 1995 йилдан кейин биринчиси бўлди. Охирги марта бунга 23 йил аввал афсонавий Борис Беккер эришган.

ATP рейтингида 5-ўринни эгаллаётган, собиқ иттифоқ теннисчиси Александр Зверевнинг ўғли АТР’нинг якунловчи мусобақасида иккинчи марта иштирок этди. У 2017 йилда гуруҳдан чиқа олмаганди. Теннисчи “Катта дубулға” сериясига кирувчи мусобақаларнинг чоракфиналидан у ёғига ўта олмаган. Теннисчи ўзининг илк совринини 2016 йилда Санкт-Петербургдаги мусобақада қўлга киритган. Зверев, шунингдек, Вашингтон, Мадрид ва Мюнхендаги мусобақаларда ғолибликни нишонлаган.  

Мавзуга оид