Спорт | 16:47 / 22.11.2018
18423
2 дақиқада ўқилади

«Барселона» Неймарга шарт қўймоқда

Фото: Getty Images

«Пари Сен-Жермен» ҳужумчиси Неймар Францияда ўзини бахтиёр ҳис қилмаяпти ва у собиқ клуби «Барселона»га қайтишни истамоқда.

Goal.com нашри хабарига кўра, бразилиялик футболчи каталонияликлар клубига қайтиши орқали клубдаги муаммолар ҳал бўлишига ишонч билдирмоқда.

«Барселона» ҳам Неймарни қабул қилишга тайёр, аммо у ўзи ташаббус кўрсатишини исташмоқда. Бу клуб директори Пеп Сегуранинг баёнотида ҳам кўринади.

Биринчидан, каталонияликлар форвард расман клубни тарк этганидан афсусдалигини билдириб, мухлислар билан алоқани яхшилаши зарур.

Иккинчидан, Неймар маоши камайишига розилик билдириши керак бўлади, «Барселона» ҳозирда унга «ПСЖ»даги каби маош тўлай олмайди.

Шу билан бирга, матбуотда Неймарнинг «Барселона» етакчиси Лионель Месси билан муносабати совуқлиги борасида ҳам ёзилмоқда.

Айни пайтда бошқа бир нашр – Mundo Deportivo тарқатган маълумотга кўра, 26 ёшли ҳужумчига даъвогарлик қилиб келган «Реал» бу борада ўз фикридан қайтган. «Қаймоқранглилар» президенти Флорентино Перес дастлаб уни асосий харид мақсади сифатида кўрган, аммо бир томондан Неймарнинг Мадридга келишини истамаётган клуб мухлислари, иккинчи томондан унга «Барса»нинг ҳам қизиқаётгани раҳбарнинг ҳафсаласини пир қилган.

Эслатиб ўтамиз, Неймар 2013-2017 йилларда каталонияликлар шарафини ҳимоя қилган, ўтган йилнинг ёзида рекорд қийматда – 222 млн еврога «ПСЖ»га трансфер қилинган эди.

Мавзуга оид