Президентнинг «Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган янгиликлар Norma томонидан кўриб чиқилди.
Амалиётда жисмоний ёки юридик шахсларга ер участкалари ажратиш тўғрисидаги қарорлар қонунга хилоф деб топиладиган ҳолатлар учраб туради. Натижада бу ерда қурилган иморатлар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга тенглаштирилади. Яъни кўчмас мулк бузиб ташланиши керак бўлади, мулкдорга эса компенсация тўланмайди.
Бундай вазият ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Зеро маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (ҳокимликларнинг) мансабдор шахслари тимсолида давлат йўл қўйган хато жисмоний ва юридик шахсларга қимматга тушиши мумкин. Янги йилдан кучга кирадиган 2 та янгилик вазиятни тузатишга қаратилган.
Биринчидан, 2019 йил 9 январдан «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонун кучга киради. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг 16 ва 59-моддаларида ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи тартибга солинган. Яъни манфаатдор шахсга (бу ҳолда ер участкасини олувчига) маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониш сабабли келиб чиққан ёки муқаррар бўлган мулкий зарарнинг ўрни қопланади.
Тўғри, шахснинг ишончи ҳимоя қилинмайдиган ҳоллар рўйхати ҳам мавжуд. Масалан, агар:
• манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат билан боғлиқ бўлган қўшимча мажбуриятларини бажармаган бўлса;
• манфаатдор шахс ўзига маъмурий ҳужжат асосида тақдим этилган пул маблағларидан, буюмдан ёки ҳуқуқдан мақсадли фойдаланмаган бўлса;
• манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг ғайриҳуқуқийлигини билган ёки ўз айбига кўра бу ҳақда билмаган бўлса;
• маъмурий ҳужжат алдаш, таҳдидлар ёки маъмурий органга бошқача тарзда ғайриҳуқуқий таъсир кўрсатиш оқибатида қабул қилинган бўлса;
• қонун манфаатдор шахслар ишончининг ҳимоясини ҳисобга олмаган ҳолда маъмурий ҳужжатни бекор қилишни талаб этса.
Бироқ, мазкур ҳолларнинг ҳар бири, охирги ҳол бундан мустасно, судда исботланиши лозим. Энди иморатни «автоматик равишда» ўзбошимчалик билан қурилган дея олмайдилар, инвесторларнинг давлатдан компенсация олиш имконияти ошади.

















