Жаҳон | 09:45 / 24.11.2018
6909
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Марказий Осиё бўйича янги стратегияни ишлаб чиқади

2018 йилнинг 23 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Европа иттифоқи» минтақалараро вазирлар учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда ТИВ хабар бермоқда.

Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан сиёсий, иқтисодий, инвестицион соҳалардаги, барқарор ривожланиш, иқлим ўзгариши, атроф-муҳит, сув манбалари ва хавфсизлик жабҳаларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини батафсил муҳокама қилинди.

Марказий Осиё давлатлари вакиллари 2019 йил сўнгига қадар Марказий Осиё бўйича янги стратегияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш борасидаги ЕИнинг қарорини қўллаб-қувватладилар ҳамда унинг самарадорлигини ошириш бўйича аниқ таклифлар бердилар.

Ялпи мажлислар ва бошқа шаклдаги учрашувлар чоғида минтақавий ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулазиз Комилов Федерика Могерини билан учрашгани, ҳамкорлик бўйича янги битим лойиҳаси тақдим этилгани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид