2018 йил 20 ноябрь куни Германиянинг Берлин техника университети профессори ва Берлин техника университети қошидаги ESM-Spase Technologies GmbH компанияси ижрочи директори – Арнольд Штеренгарц ҳамда Берлин техника университети илмий ходими – Дмитрий Осторверхов Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетига ташриф буюрди ҳамда университет ректори проф.С.М.Турабджанов ва етакчи олимлари билан учрашув ташкил қилинди. 

Бу учрашувда ҳар икки университет ўз олий таълим муассасалари ҳақида маълумотлар тақдим этишди. Берлин техника университети жаҳон олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 100 таликдан жой олганлиги ва таълим тизимининг ижобий жиҳатлари қайд этилиб, икки томонлама самарали ҳамкорлик ва биргаликда илмий изланишлар олиб бориш, ундаги илғор тажрибаларни Ўзбекистон олий таълимида жорий этиш, коинот сарҳадларини забт этишда Ўзбекистонлик талабаларни ҳам жалб қилиш, фазога Тошкент давлат техника университети талабалари билан бирга тайёрланган синов-микро йўлдошини учириш, дастурлаш, конструкторлик ишлари ва тадқиқотлари, метрология йўналишларида изланишлар ва тадқиқотлар олиб бориш, семинар ва конференциялар ташкил этиш ҳамда талабалар алмашинуви каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. 

Жорий йилнинг 23 ноябрь куни эса профессор Арнольд Штеренгарц иштирокида университетнинг “Муҳандислик технологиялари” факультетида  “Берлин техника университетида талабалар инновацион ғояларини амалиётга жорий этиш тажрибаси” мавзусида мастер-класс ташкил этилди. Мастер-классда факультетнинг “5620200-Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш” ва “5310400-Ҳаво кемаларидан техник фойдаланиш” таълим йўналишларининг 50 нафар талабаси, ҳамда университет қошидаги тармоқ малака ошириш марказининг 30 нафар тингловчиси иштирок этди. Учрашув давомида профессор Арнольд Штеренгарц талабларга ҳозирги кунда жадал ривожланаётган космик тадқиқотлар ва мини сунъий йўлдошлар технологиялари соҳалари ҳақида маълумотлар бериб ўтди. Шунингдек, Берлин техника университети қошида ташкил этилган ESM-Spase Technologies GmbH компаниясининг айнан талабалар томонидан яратилаётган инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этишда муҳим бўғин эканлиги ва унинг функцияси ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар бериб ўтилди. 

Тошкент давлат техника университетида Берлин техника университети билан ҳамкорликда университетнинг иқтидорли талабалари томонидан 2 йил ичида синов-микро сунъий йўлдоши яратилиб, синовдан ўтказиш ва космик фазога чиқариш бўйича амалий ишлар қилиниши белгиланди.

Шуни қайд этиш жоизки, шу йилнинг сентябрь ойида Тошкент давлат техника университети ва Берлин техника университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.