Дунёдаги ғоялар урушининг ёрқин мисоли, ўз давлатчилик услубининг хатолигига қарамай қатъият, ҳар қанча ривожланиш ва кучли тарафдорлар бўлишига қарамай зиддиятга тўла ечим топа олмаслик... Мана шу сўзлар Шимолий ва Жанубий Корея давлатларининг бугунги ҳолатига қисқа таъриф бўла олади. Бир миллатдан иборат икки давлат ҳамон расман ўзаро уруш мақомини сақлаб турибди.

Давлатларнинг номланиши ҳам жуда антиқа. Жанубий Корея расман Корея Республикаси деб номланса, Шимолий Корея демократиядан асар бўлмагани ҳолда Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) деган жарангдор номни бехижолат қабул қилиб олган. Жанубий Корея бутун дунёга ўз эшикларини очиб қўйган, бу давлат ҳақида истаганча ахборот олиш мумкин. КХДР эса бунинг бутунлай акси, бошқа давлатлар мухбирлари бу мамлакатдан эркин фаолият олиб бора олмагани камлик қилгандек, интернет ҳам деярли узиб қўйилган.

Мамлакатнинг расмий ахборотномаларида эса «АҚШ империалистларини қувиб юборган корейс халқи миллатнинг «порлоқ юлдузи» раҳнамолигида эришаётган мислсиз ютуқлар, тез орада асли КХДРга тегишли бўлган мамлакатнинг жанубий ҳудудлари ҳам озод қилиниши» ҳақидаги жарангдор ахборотлар тарқатилади.

Жанубий Корея ва қатор хориж нашрлари эса Шимолий Корея аҳолиси ўта абгор аҳволда яшаётгани, ҳатто очлик чангалида қолгани, давлат бошқарувида ўта шафқатсиз тизим минглаб одамларнинг ёстиғини қуритаётгани ҳақида бонг уради.

Қисқа қилиб айтганда, ҳар икки томон ўз тузумининг мутлақ адолатли эканлиги ҳақида жар солгани ҳолда қўшнисининг ҳудудлари аслида ўзига тегишли эканлигини, уларни озод қилиш муқаддас бурчлигини таъкидлашдан тўхтамайди.

Хўш, бу қадар зиддиятнинг асл илдизи қаерда?

Ҳаммаси бир асрдан ҳам нарига бориб тақалади. 1910 йилдан то Иккинчи жаҳон урушига қадар ягона Корея давлати Япониянинг мустамлакаси бўлган. Японлар бу ҳудуддан туриб нафақат Кореяни, балки Хитойнинг катта ҳудудини назорат қилишарди. Кореянинг бўлиниб қолишида айнан мана шу жиҳат асосий роль ўйнайди. Иккинчи жаҳон уруши якунига кўра, ҳудудни японлардан озод қилиш зарурати туғилди. Шимол томондан собиқ СССР, жанубдан АҚШ ва унинг иттифоқчилари Корея яриморолини япон босқинчиларидан озод қилишдек эзгу мақсад йўлида бирлашди. Улар мамлакат ҳудудини 38-параллелдан қоқ иккига ажратиб, икки томонга ўз аскарларини жойлаштиришди ва тозалаш ишларини бошлаб юборишди. Эътиборли жиҳати кейинчалик икки тузумни ажратувчи бу чизиқ вақтинча ва шартли равишда чизилганди.

Ўша пайтлар Корея давлати учун улкан муаммони ечиб беришни кўзлаган бу икки қудратли давлат кейинчалик бу ҳудуд улкан қирғинлар майдонига, икки тузум зиддияти марказига айланишини билганларида балки бу давлатга умуман кирмасмиди?..