Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси Қозоғистон Республикасида расмий ташриф билан бўлиб турибди. Ташриф дастурига кўра, 26 ноябрь куни делегация аъзолари Қозоғистон Парламенти Мажлиси раиси Нурлан Нигматуллин билан учрашди.
Суҳбат чоғида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов таъкидлаб ўтганидек, турли даражадаги алоқаларнинг фаоллашуви иккала мамлакатнинг кўпқиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини англатади. Бугунги кунда ушбу муносабатлар парламентлар ҳамкорлиги йўналишида ҳам изчил ривожланиб бормоқда.
– Бугун президентлар Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёевнинг ўзаро бир-бирини ва қалин дўстликка асосланган ҳамкорликдаги самарали фаолияти шарофати билан Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида барча соҳаларда кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга мустаҳкам асос яратилмоқда. Бу эса қозоқ ва ўзбек парламенти аъзоларининг ҳамкорлиги ҳамда ўзаро фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради, – деди Нурлан Нигматуллин.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Қозоғистон Республикаси Парламентининг Мажлиси ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Икки мамлакат парламентлари давлатлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашда фаоллик билан ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нуриддинжон Исмоилов Нурсултон Назарбоев билан учрашиши хабар қилинганди.

















